Қозоғистон Словакияга нефть ва газ, уран ва бошқа товарларни экспорт қилишга тайёр – ҚР Президенти
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Словакия билан муносабатларни янада мустаҳкамлашга катта аҳамият беради. Бу ҳақда Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Словакия Бош вазири Роберт Фицо билан музокарадан сўнг ОАВ вакиллари учун ўтказилган брифингда маълум қилди.

“Бугун Бош вазир Роберт Фицо билан мазмунли музокаралар ўтказдик. Биз Қозоғистон-Словакия ҳамкорлиги кўламини кенгайтириш масаласини муҳокама қилдик. Биз аниқ келишувларга эришдик. Икки давлат ўртасида ҳеч қандай тушунмовчилик йўқ. Кенг кўламли ҳамкорликка йўл очиқ. Чунки Қозоғистон ва Словакия ўртасидаги кўп қиррали алоқаларни мустаҳкамлаш икки халқ манфаатларига мос келади. Словакия иқтисодий нуқтаи назардан жадал ривожланаётган давлатдир. Шунинг учун Қозоғистон Словакия билан муносабатларни янада мустаҳкамлашга катта аҳамият беради”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Давлат раҳбари музокаралар чоғида товар айирбошлаш ҳажмини янада ошириш масаласи кўтарилганини, сармоявий интеграцияни чуқурлаштиришга эътибор қаратилганини таъкидлади.
"Бу борада ҳукуматлараро комиссия муҳим рол ўйнайди. Мен комиссия ҳамраислари даражасини вазирлар даражасига кўтаришни таклиф қилдим. Қозоғистон Словакияга нефть ва газ, уран, озиқ-овқат маҳсулотлари ва бошқа товарларни экспорт қилишга тайёр. Шунингдек, энергетика, машинасозлик, қишлоқ хўжалиги, ҳарбий-техникавий ҳамкорлик, рақамли технологиялар каби соҳаларда қўшма лойиҳаларни амалга ошириш имконияти мавжуд", – деди Президент.