Қозоғистон қутқарувчилари Туркияда қидирув-қутқарув ишларини якунлади

ASTANA. Kazinform – Қозоғистон Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг тезкор гуруҳи Туркияда қидирув-қутқарув ишларини якунлади. 19 февраль куни ходимларнинг иккинчи гуруҳи мамлакатга қайтиб келди, деб хабар беради Kazinform мухбири.
None

Қозоғистонлик қутқарувчилар 7-19 февраль кунлари Туркиянинг учта провинцияси ҳудудида қидирув-қутқарув ишларини олиб борди. Хусусан, Нурдаги тумани, Газиантеп ва Ҳатай шаҳарларида фуқароларни вайроналар остидан эвакуация қилишда иштирок этди. Шу билан бирга, Қаҳрамонмараш провинциясига ҳам узлуксиз инсонпарварлик ёрдами етказилди.

Табиий офат зоналарида ишлаган қозоғистонлик мутахассислар сони юздан ошди. Фавқулодда ёрдам бригадаси таркибига Астана, Алмати, Қарағанди ва Ақмола вилоятларидан келган мутахассислар, шунингдек, Табиий офатлар тиббиёти марказининг тиббиёт ходимлари кирган. Қидирув-қутқарув ишлари ҚР Фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари Ибрагим Кулшимбаев бошчилигида олиб борилди.

Вазир ўринбосарининг сўзларига кўра, табиий офат ҳудудидаги вазият қийин бўлишига қарамай, иш туну кун давом этган. Белгиланган вазифалар хавфсизлик техникасига риоя қилинган ҳолда тўлиқ бажарилди.

«Фавқулодда вазият ҳудудида вайроналар остида кўплаб ҳалок бўлганлар бўлган, қидирув-қутқарув ишлари ҳалок бўлганларнинг қариндошлари ва яқинлари кўз ўнгида ўтгани учун ҳам ишлар руҳий оғир кечди. Қидирув-қутқарув ишлари узлуксиз олиб борилди. Бундан ташқари, агар зилзила яна содир бўлса, қутқарувчиларнинг ўзи ҳам хавф остида қолиши мумкин. Бироқ мутахассисларимиз ходимлар хавфсизлигига таҳдид солувчи барча мумкин бўлган салбий оқибатларни ҳисобга олди», — деди И. Кулшимбаев.

Қидирув-қутқарув ишлари давомида 15-18 кишидан иборат махсус гуруҳлар ташкил этилиши натижасида вайроналар остидан Туркиянинг 7 нафар фуқароси, 88 нафар ҳалок бўлганларнинг жасади чиқариб олинди. Шунингдек, 200 нафарга яқин аҳолига тиббий ва психологик ёрдам кўрсатилди. Уларнинг 30 нафари турли ёшдаги болалардир. Бундай вазиятда ҳар бир дақиқа муҳим бўлгани учун қутқарувчилар кечаю кундуз уч сменада ишлади.

Қозоғистонлик қутқарувчилар Туркия ва Саудия Арабистони қутқарувчилари билан ҳамкорлик қилди. Хусусан, жабрланганларни қидириш ва ҳисоблаш ишлари уюшқоқлик билан олиб борилди. Қозоғистоннинг Туркиядаги элчихонаси ходимлари иштирокида маҳаллий ижро ҳокимияти органлари билан ўзаро ҳамкорлик масалалари ташкил этилди.

Шу билан бирга, Туркияда таҳсил олаётган қозоғистонлик талабалар кўмагида ҳар бир давлатнинг қутқарув бўлинмалари ўртасидаги ўзаро тушуниш муаммоси енгиллаштирилди.

Қутқарув операциялари натижаларига кўра, Туркия фуқаролари, Табиий офатлар ва фавқулодда вазиятлар бошқармаси (AFAD) қутқарувчилари, маҳаллий ижроия органлари қозоғистонлик мутахассисларнинг профессионаллиги ва тезкорлиги, ҳалол ва фидокорона ёрдами учун миннатдорчилик билдирдилар. Қозоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчилари тайёргарлиги, отряд интизоми ва мутахассисларнинг жасорати юқори баҳоланди.


Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев Туркиядаги зилзила оқибатларини бартараф этишда иштирок этган қозоғистонлик қутқарувчилар мамлакатга қайтганидан кейин мукофотланишини маълум қилди.

Бунгача ҚР Президенти Туркияга фавқулодда ёрдам кўрсатиш учун 1 миллион доллар ажратишни буюрган эди. Яқинда Қозоғистон Республикаси Президенти ҳукуматга Туркияга 55 тонналик қўшимча гуманитар ёрдам жўнатиш бўйича топшириқ берган эди. Айни пайтда Қозоғистондан келган сўнгги махсус самолёт Газиантеп аеропортига керакли жиҳозларни туширди.

Эслатиб ўтамиз, 6 февраль куни Қаҳрамонмараш провинциясининг Пазарджик туманида магнитудаси еттидан ортиқ бўлган иккита зилзила содир бўлган эди. Ерости силкинишлари ортидан юзлаб афтершок кузатилган, 11 вилоят, шунингдек, қўшни давлатлар, жумладан, Сурияда ҳам табиий офатлар қайд этилган. Мутахассисларнинг фикрича, минтақада зилзилалар яна олти ой давом этиши мумкин.

19 февраль ҳолатига кўра, 11 провинциядаги қурбонлар сони 40 689 нафарга етган. Жабр кўрганлар сони эса 108 068 нафардан ошади. 12 141 та бино ва иншоотлар вайрон бўлган.

Муаллиф: Акжигит Шукибаев

Сўнгги хабарлар