Қозоғистон доимий равишда қўшничилик муносабатларига эътибор бериши керак - Питер Франкопан
ASTANА. Кazinform - Оксфорд университети профессори, “Ернинг айтилмаган ҳикояси” бестселлери муаллифи Питер Франкопан Астанадаги «Conneсted-2024» халқаро конференциясининг ялпи мажлисидан сўнг ОАВ вакилларига интервью берди.
Питер Франкопан оммавий ахборот воситалари вакилларининг сунъий интеллект ва рақамлаштириш тенденцияларининг инсоният тарихига таъсири ҳақидаги саволларига жавоб берди ва Қозоғистоннинг жаҳон геосиёсатидаги ўрни ҳақида ўз фикрларини билдирди.
“Қозоғистон дунёдаги энг йирик давлатлардан биридир. Бу мамлакат тинчлик даврида айниқса қизиқарли, қийин пайтларда эса жуда мураккаб ҳудудга айланадиган минтақада жойлашган. Шимолда Россия, шарқда Хитой бор. Бир томонда Марказий Осиё жойлашган. Эрон ва Афғонистон ҳам узоқ эмас. Шунинг учун Қозоғистон ўз қўшничилик муносабатларини доимий равишда эътибор бериши керак”, — деди Оксфорд профессори.
Тарихчининг айтишича, Ғарб жамиятининг Қозоғистонга Марказий Осиёнинг бир қисми сифатида қараши баъзан самарасиздир.
“Биз, ғарбликлар, Қозоғистонга доим Марказий Осиё давлатлари билан бирга қараймиз. Ушбу ёндашув ҳар доим ҳам самарали эмас. Қозоғистоннинг ҳудуди катта, аҳолиси ўсиб бормоқда, ёшлар кўп. 1991 йилда Астана кичик шаҳарча бўлганини тасаввур қилиш қийин. Ҳозир у Қозоғистоннинг марказига айланмоқда. Унга қараб, бу мамлакатдаги ўзгаришлар тезлиги жуда катта бўлганини англаш мумкин. Мамлакат ҳаёти кўпроқ сизларга, ёш авлодга боғлиқ. Бу нималар қилаётганингизга, қандай ўзгаришларни хоҳлаётганингизга боғлиқ”, - деди Питер Франкопан.
Аввалроқ Астанадаги «Conneсted-2024» халқаро анжуманида дунёнинг 60 давлатидан таклиф этилган экспертлар иштирок этаётгани ҳақида ёзган эдик.