Қозоғистон академик хаб яратмоқда – ҚР Президенти
ASTANA. Kazinform – Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев Астана шаҳрида бўлиб ўтаётган «Conneted-2024» халқаро конференцияси иштирокчиларига йўллаган табригида таълим ва инновациялар соҳасидаги ҳамкорлик муҳимлигини таъкидлади.
Таълим, фан ва инновациялар, рақамлаштириш ва экология масалалари муҳокамасига бағишланган тадбирда ҚР Бош вазири ўринбосари Тамара Дуйсенова Президентнинг анжуман иштирокчиларига табригини ўқиб эшиттирди.
“Ҳозирги кунда дунё янги технологиялар ва сунъий интеллектнинг жадал ривожланиши, об-ҳаво ва энергия манбаларининг ўзгариши туфайли улкан муаммоларга дуч келмоқда. Шу билан бирга, давлатларнинг ҳар томонлама ва барқарор ривожланиши учун таълим, илм-фан ва инновациялар соҳаларида ҳамкорликни ошириш муҳим аҳамиятга эга. Шу боис Қозоғистон нуфузли хорижий олий таълим муассасалари билан ҳамкорликда академик хаб яратиш устида фаол ишламоқда”, – деди Президент.
Қасим-Жомарт Тоқаев бу қадамлар Қозоғистоннинг илмий ва инновацион салоҳиятини ошириш учун мустаҳкам асос бўлаётганини таъкидлади.
«Conneted-2024 конференцияси ушбу мақсадга эришишга ёрдам беради. Бугунги учрашув олимлар ва мутахассисларнинг халқаро алоқаларини мустаҳкамлашга, таълим ва инсон капиталини ривожлантириш соҳасига янгича ёндашувларни очишга замин яратади, деб ўйлайман”, – дейилади табрикда.
Айтиш жоизки, жорий йилда илк бор ташкил этилган халқаро тадбирга дунёнинг 60 давлатидан 300 га яқин халқаро даражадаги эксперт таклиф этилган.