Қатар Қозоғистоннинг Tele2 телекоммуникация операторини сотиб олиши мумкин
ASTANA. Kazinform — Қасим-Жомарт Тоқаев Ақордада Power International Holding (PIH) компаниясининг раҳбарлари Муатаз Ал-Ҳаят ва Рамез Ал-Ҳаятни қабул қилди. Бу ҳақда Ақорда хабар берди.
Суҳбат давомида энергетика ва телекоммуникация соҳаларида қўшма инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш истиқболлари кўриб чиқилди.
Президентнинг сўзларига кўра, газни қайта ишлаш, транспорт ва электр энергияси ишлаб чиқариш соҳалари Қозоғистон ва Қатар ўртасидаги инвестиция ҳамкорлигининг асоси ҳисобланади. Бу соҳадаги йирик лойиҳалар мамлакатнинг энергетика хавфсизлигига катта ҳисса қўшади.

“Давлат раҳбарига PIH компаниясининг телекоммуникация бозоридаги фаолиятини кенгайтириш режаси ҳақида маълумот берилди. Холдинг буни Mobile Telecom Service (Tele2) алоқа операторини сотиб олиш шартномаси доирасида амалга оширади”, — дейилади хабарда.
Қасим-Жомарт Тоқаев компания телекоммуникация инфратузилмасини модернизация қилиш, хизматлар сифатини ва уларнинг аҳоли учун очиқлигини оширишга ҳисса қўшишига ишонч билдирди.
Учрашув якунида Қозоғистон Президенти ва PIH компаниясининг раҳбарлари ҳамкорликни янада фаоллаштириш ва истиқболли инвестиция лойиҳаларини амалга оширишга содиқ эканликларини тасдиқладилар.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Давлат раҳбари Қувайт Амирига табрик телеграммасини юборгани ҳақида хабар бергандик.