Қасим-Жомарт Тоқаев ва Садир Жапаров музокаралар ўтказди
BISHKEK. Kazinform — Қозоғистон Президенти Садир Жапаровга қардош Қирғиз Республикасига расмий ташриф билан келиш таклифи учун миннатдорчилик билдирди. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.

– Ушбу ташриф икки давлат ўртасидаги дўстона муносабатлар ривожига янги суръат бағишлашига ишонаман. Аслида қозоқлар ва қирғизлар ҳамфикр, қардош давлатлардир. Тарихимиз муштарак, урф-одат ва тушунчаларимиз, миллий ўзлигимиз ўхшаш. Икки халқнинг ҳамжиҳатлиги, ўзаро ҳурмати ҳеч қачон бузилмаган. Ҳозир ҳам ҳамкорлигимиз стратегик шериклик руҳида жадал ривожланмоқда. Биз барча даражадаги ўзаро ҳурматга асосланган сиёсий мулоқотни йўлга қўйдик. Давлатлараро, парламентлараро ва ҳукуматлараро кенгашларимиз муваффақиятли ишламоқда. Ҳудудлараро алоқаларни ҳам ривожлантирмоқдамиз. Умуман, икки давлат ўртасида ҳар томонлама ва яқин ҳамкорлик йўлга қўйилган, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Давлат раҳбари Қирғизистон Президентининг икки томонлама ҳамкорликни янги босқичга кўтаришдаги улкан ҳиссасини таъкидлади.
- Мен буни жуда қадрлайман. Сизнинг меҳнатингиз туфайли Қирғизистонда кўплаб ижобий ўзгаришлар рўй бермоқда. Халқ фаровонлигини оширишга қаратилган муҳим ташаббусларни ҳаётга татбиқ этаяпсиз. Йил бошидан буён мамлакат иқтисодиётининг 11,7 фоизга ўсгани бунинг ёрқин далилидир. Қардош юртимиз эришаётган барча ютуқлардан мамнунмиз. Биз Қирғизистон билан ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга катта аҳамият берамиз, — деди Давлат раҳбари.
Садир Жапаров таклифни қабул қилиб, Қирғизистонга расмий ташрифи учун Қозоғистон Президентига миннатдорчилик билдирди.
– Сизни Қирғизистонда атоқли давлат арбоби, халқаро даражадаги тажрибали дипломат сифатида билишади. Сизнинг қўллаб-қувватлашингиз билан кейинги йилларда икки давлат ўртасидаги муносабатлар янги босқичга кўтарилиб, дўстлик ва биродарлигимиз мустаҳкамланиб бораётганидан мамнунмиз. Қозоқ эли — биз учун алоҳида давлат. Битимларимиз Тоқтоғул ва Абай, Чингиз ва Мухтор каби боболаримиз изидан давом этмоқда. Тарихий меросимизни унутмасдан келажак авлодларга етказишни асосий мақсадимиз деб биламан. Ўз навбатида, ўзаро муносабатларимизни янада ривожлантиришга тайёрман. Бизнинг асосий кучимиз — икки давлатнинг бирдамлиги ва ҳамжиҳатлигидир, – деди Қирғизистон Президенти.
Бундан ташқари, музокаралар чоғида сиёсий, транспорт-транзит, сув, қишлоқ хўжалиги ва рақамлаштириш соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари муҳокама қилинди.
Маданий-гуманитар алоқаларни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Бундан ташқари, минтақавий ва халқаро кун тартиби кўриб чиқилди.
Эслатиб ўтамиз, “Интимақ Ордо” қароргоҳида Қирғиз Республикасига расмий ташриф билан борган Президент Қасим-Жомарт Тоқаевни тантанали кутиб олиш маросими бўлиб ўтди.