Қанат Бозимбаев Душанбедаги халқаро анжуманда иштирок этди

DUSHANBE. Кazinform — Душанбе шаҳрида (Тожикистон) бўлиб ўтган “Сув барқарор ривожланиш учун, 2018-2028 йиллар” халқаро ҳаракатлар ўн йиллигига бағишланган учинчи халқаро конференцияда Қозоғистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Қанат Бозимбаев сўзга чиқди.

Қанат Бозимбаев
Фото: ҚР Ҳукумати

Юқори даражадаги тадбир Тожикистон Республикаси Ҳукумати томонидан ташкил этилди. Унда БМТга аъзо давлатлар, халқаро ташкилотлар ва фуқаролик жамияти вакиллари иштирок этди.

Душанбе сув жараёни иқлим ўзгариши, сув ресурсларини биргаликда бошқариш ва ҳукуматлараро келишувларни амалга ошириш билан боғлиқ глобал сув муаммоларига янги ечимларни ишлаб чиқиш учун платформа ҳисобланади.

Бош вазир ўринбосари ўз нутқида Қозоғистон иқлим ўзгариши оқибатларини бартараф этиш бўйича глобал ташаббусларни, шунингдек, Тожикистоннинг сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалаларига жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини жалб қилиш борасидаги саъй-ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини таъкидлади.

Бугунги кунда Қозоғистоннинг сув сиёсати сув хўжалиги инфратузилмасини модернизация қилиш ва ривожлантириш, ахборот тизимлари, меъёрий-ҳуқуқий базани такомиллаштириш, трансчегаравий ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.

Қанат Бозимбаев Марказий Осиёда трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш бўйича ҳамкорликнинг кейинги стратегиясини ишлаб чиқиш зарурлигини таъкидлади.

“Иқлимнинг сув ресурсларига таъсири масаласида чегара йўқ. Иқлим ўзгариши ва сув танқислигига қарши чоралар барча мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни ва барча мумкин бўлган куч ва воситаларни сафарбар қилишни талаб қилади. Қозоғистон сув ресурсларининг деярли ярмини қўшнилари билан бўлишиб фойдаланидиган давлатдир. Биз учун трансчегаравий сув оқимлари бўйича ҳамкорлик сув ресурсларини самарали бошқариш ва экотизимларни муҳофаза қилиш нуқтаи назаридан муҳим аҳамиятга эга, – деди Бош вазир ўринбосари.

Орол денгизидаги экологик вазият алоҳида ташвиш уйғотади.

5,5 миллион гектар чўлнинг яратилиши бутун минтақада одамлар саломатлиги ва экотизимнинг ҳолатига салбий таъсир кўрсатади.

“Бу муаммолар сув, энергетика ва озиқ-овқат ресурсларига талаб ортиб бориши билан бирга Орол денгизи ҳавзасида сувдан оқилона фойдаланишни таъминлаш бўйича аниқ чора-тадбирлар кўришни тақозо этади. Бу борада Кўкорол тўғонини сақлаб қолиш, Сирдарё дельтасини тиклаш каби чора-тадбирларни амалга ошириш орқали табиий сув ҳавзаларини асраб-авайлаш ва тиклаш муҳим аҳамиятга эга”, — деди Бош вазир ўринбосари.

Душанбедаги сув жараёни доирасида Канат Бозимбоев Тожикистон Бош вазири ўринбосари Сулаймон Зиёзода, Россия Президентининг ёрдамчиси, иқлим масалалари бўйича махсус вакили Руслан Эдельгериев, Ўзбекистон Президенти маслаҳатчиси Шуҳрат Ғаниев, шунингдек, Европа Иттифоқининг Марказий Осиё бўйича махсус вакили Тери Хакала билан учрашди.

Сўнгги хабарлар