Хитойга ташрифим давомида бирнеча миллиард долларлик шартномалар имзоланди — Тоқаев
ASTANА. Кazinform — Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев яқинда Хитойга расмий ташрифи якунлари билан ўртоқлашди.
— Хитойга сўнгги ташрифим давомида жаҳон миқёсидаги компаниялар билан бирнеча миллиард долларлик шартномалар имзоланди. Ушбу компаниялардан бири глобал Shenzhen технополисини қуришда иштирок этган ва Alatau City лойиҳасини амалга оширишда бевосита иштирок этади. Кейинги қадам – Alatau City учун мустаҳкам институционал пойдевор яратиш, — деди Қасим-Жомарт Тоқаев Қозоғистон халқига Мурожаатномасида.
Шу муносабат билан Давлат раҳбари 10 кун муддатда шаҳарга бевосита Ҳукуматга бўйсунувчи алоҳида мақом бериш тўғрисидаги Фармон лойиҳасини тайёрлаш бўйича топшириқ берди.
— Бундан кейин олти ойдан кўп бўлмаган муддатда алоҳида қонун қабул қилиниши керак, унда шаҳарни бошқариш тартиб-қоидалари, молиявий моделлар ва бошқа муҳим жиҳатлар кўзда тутилади. Яна бир бор таъкидламоқчиманки, алоҳида ҳуқуқий мақом имтиёз эмас, балки қоғозда қолиб кетмаслик учун зарур бўлган мажбурий чора ва воситадир. Alatau City минтақадаги биринчи тўлиқ рақамли шаҳар бўлиши керак. Smart City технологияларини жорий этишдан тортиб то криптовалюта билан товар ва хизматлар учун тўловни амалга ошириш имкониятигача. Бу шаҳар технологик тараққиётни энг қулай яшаш муҳити билан уйғунлаштирган ҳолда Қозоғистон келажагини акс эттиради, — дея қўшимча қилди Президент.
Эслатиб ўтамиз, Президент Қозоғистон уч йил ичида тўлиқ рақамли давлатга айланиши керак деган эди.