Германияда стоматологик ёрдам тўлиқ пуллик бўлади
АSTANА. Kazinform – Германияда ҳокимиятдаги партия ҳисобланган Христиан-демократик иттифоқи таркибидаги иқтисодий кенгаш стоматологик хизматларни стандарт тиббий суғурта тизимидан тўлиқ чиқариб ташлашни таклиф қилди, деб ёзади DW.
Ҳозирги вақтда Германиядаги мажбурий тиббий суғурта тиш шифокорларининг асосий хизматларини ўз ичига олади. Шу билан бирга, кўплаб фуқаролар керамик қопламалар, имплантлар, сифатли протезлар ва брекетлар каби хизматларни қоплайдиган қўшимча стоматологик суғуртани шахсан харид қиладилар.
Иқтисодий кенгашнинг таклифига кўра, стоматологик хизматлар стандарт суғуртадан тўлиқ чиқарилиб, фуқаролар тиш шифокорига мурожаат қилиш ва даволаниш харажатларини ўз ҳисобидан тўлаши лозим. Бу ташаббусни кенгашнинг бош котиби Вольфганг Штайгер маълум қилган.
Ушбу иқтисодий кенгаш Германиядаги консерватив блок Христиан-демократик иттифоқи қошида фаолият кўрсатади. Ҳозирги вақтда бу сиёсий куч мамлакатдаги ҳокимият коалициясини бошқариб турибди. Кенгаш таркибига Германиядаги тахминан 13 минг компания вакиллари киради.
Таклиф қилинган режа стоматология билан чекланмайди. Ҳужжатда ишсизлик бўйича нафақани бир йил билан чеклаш, болаларни тарбиялагани учун оналарга ҳисобланадиган пенсия стажини олиб ташлаш ва пенсия ёшини ошириш каби чора-тадбирлар ҳам кўзда тутилган.
Иқтисодий кенгаш вакилларининг фикрига кўра, бу қадамлар ижтимоий харажатларни қисқартиришга, давлат бюджетига тушадиган юкни камайтиришга ва мамлакат иқтисодиётини рағбатлантиришга имкон беради.
Эслатиб ўтамиз, Германияда ҳар тўртинчи бемор шифокорга кўриниш учун бир ойдан ортиқ вақт кутмоқда.