Франция 2030 йилга бориб мудофаа бюджетини 76,3 миллиард еврога етказади
ASTANА. Кazinform – Франция ҳукумати 2030 йилга бориб мудофаа бюджетини 76,3 миллиард еврога етказишни режалаштирмоқда, деб хабар берди Аnadolu.
Париждаги Елисей саройида бўлиб ўтган вазирлар кабинети йиғилишидан сўнг, Франция мудофаа вазири Катрин Вотрен ва бошқа вазирлар қўшма матбуот анжумани ўтказдилар.
Вазир ўз нутқида мудофаа соҳасида мустақилликни таъминлаш жуда муҳим масала эканлигини таъкидлади.
2024-2030 йилларга мўлжалланган ҳарбий режалаштириш тўғрисидаги қонунга киритилган ўзгартиришларни тақдим этар экан, Катрин Вотрен ушбу чоралар доирасида қўшимча 36 миллиард евро ажратилишини айтди. Натижада, йиллик мудофаа бюджети 2030 йилга бориб 76,3 миллиард еврога етади.
Вазирнинг сўзларига кўра, 2017 йилда Франциянинг йиллик мудофаа бюджети 32 миллиард еврони ташкил этган. 2027 йилга бориб бу кўрсаткич икки баравар кўпаяди.
Бундан ташқари, 2030 йилга бориб, мамлакатдаги захирадаги ҳарбий хизматчилар сони 50 минг кишига етади. Шундай қилиб, Франция армияси шахсий таркибининг умумий сони 330 минг нафар ўқитилган ҳарбий хизматчига кўпаяди.
"Франция армияси Европадаги энг йирик армиялардан бирига айланади", — деди вазир.
Миллий матбуот хабарларига кўра, Франция ҳукумати 14 июлгача парламентда 2024-2030 йилларга мўлжалланган мудофаа бюджетини режалаштириш тўғрисидаги қонунга тузатишлар киритишни режалаштирмоқда.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Конгресси рекорд даражадаги мудофаа бюджетини қабул қилди.