13:21, 07 Июль 2023 | GMT +6
Елена Рибакина Уимблдондаги иккинчи ғалабасини қўлга киритди
ASTANA. Kazinform – Қозоғистоннинг биринчи ва жаҳоннинг 3-ракеткаси Елена Рибакина «Уимблдон» турнирининг учинчи босқичига чиқди, деб хабар беради Kazinform мухбири.
Ўтган йили ушбу мусобақада ғолиб чиққан қозоғистонлик теннисчи иккинчи даврада дунё рейтингида 74-ўринни эгаллаб турган франциялик Ализе Корнега қарши кортга чиқди.
Бунгача рақиблар икки марта тўқнаш келган ва иккаласида ҳам Елена ғалаба қозонган.
Бу сафар биринчи партияда Е.Рибакина брейкга эришди ва олдинга ўтди - 6:2.
Иккинчи сет анча баҳсли кечди, 5:5 ҳисоби қайд этилди ва Рибакина тўп узатганда Корне шифокорлар ёрдамига мурожаат этди. Тай-брейкда қозоғистонлик спортчи ғалаба қозонди - 7:6 (7:2).
Бир соату 43 дақиқа давом этган мусобақада Елена 5 та брейк-пойнтдан 2 тасини ҳамда 4 та эйсдан фойдаланди.
Елена Рибакина тўртинчи босқичга чиқиш учун дунёнинг 89-ракеткаси, британиялик Кэти Боултер билан куч синашади.
Муаллиф: Ғайсағали Сейтақ