Давлат раҳбари янги Солиқ кодексини имзолади

ASTANА. Кazinform — Давлат раҳбари янги Солиқ кодекси ва “Қозоғистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига солиққа тортиш масалалари бўйича ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунни имзолади, деб хабар беради Ақорда матбуот хизмати.

Тоқаев
Фото: Ақорда

Солиқ кодекси солиқ маъмуриятчилигини ҳар томонлама соддалаштиришни назарда тутади. Хусусан, солиқ ҳисоботлари ҳажми 30 фоизга, солиқлар сони 20 фоизга қисқартирилади, имтиёз ва тўловлар оптималлаштирилади. Муҳим ўзгаришлар юридик ва жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғидан тортиб, инвестицияларни рағбатлантириш ва солиқ юкини қайта тақсимлашгача бўлган барча асосий соҳаларни қамраб олди.

Қўшилган қиймат солиғининг (ҚҚС) янги базавий ставкаси 16 фоиз этиб тасдиқланди. Дори воситалари ва тиббий хизматлар учун ҚҚСнинг пасайтирилган ставкаси белгиланди: 2026 йилдан — 5 фоиз, 2027 йилдан — 10 фоиз. Шу билан бирга, бепул тиббий ёрдамнинг кафолатланган ҳажми (БТЁКҲ) ва мажбурий ижтимоий тиббий суғурта (МИТС) доирасидаги хизматлар, Ҳукумат томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича орфан ва ижтимоий аҳамиятга эга касалликларни даволаш, шунингдек, китобларни босма шаклда нашр этиш ва археология ишларини олиб бориш хизматлари ҚҚСдан озод қилинади. Даврий нашрларни сотиш учун ҚҚСнинг 10 фоиз миқдорида пасайтирилган ставкаси белгиланади.

ҚҚС бўйича мажбурий рўйхатдан ўтказиш учун минимал айланма чегараси 10 минг БҲМга (40 миллион тенге) туширилади. Ягона жамғариб бориладиган пенсия фонди (ЯЖБПФ) пенсия тўловлари шахсий даромад солиғидан (ШДС) озод қилинган. Ишлаб чиқарилганига 10 йилдан ортиқ бўлган автомобиллар учун транспорт солиқлари камайтирилди.

Ногирониги бўлган одамлар учун ижтимоий солиқ имтиёзлари 882 БҲМдан 5 000 БҲМгача оширилди.

Солиқлар сони камайди: ягона ер солиғи камайтирилди, индивидуал тўловлар бўйича ставкалар ва йиғимлар сони камайди. Махсус солиқ режимлари оптималлаштирилди. Энди улар учта ҳолатда қўлланилади: якка тартибдаги тадбиркорлар учун, соддалаштирилган декларация асосида ва фермер хўжаликлари учун. Якка тартибдаги тадбиркор мобил илова ёрдамида тўловларни ҳисоблаб чиқиши ва тўлаши мумкин.

Корпоратив даромад солиғи (КДС) 20 фоиз миқдорида қолади. Шу билан бирга, табақалаштирилган солиқ ставкаси жорий этилади. Хусусан, банклар (тадбиркорлик субъектларини кредитлашдан ташқари) ва ўйин бизнеси учун – 25 фоиз. Ижтимоий сектор ташкилотлари учун у 2026 йилда 5 фоиз қилиб белгиланади ва 2027 йилда 10 фоизга ошади.

Қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқарувчилари учун 3 фоизлик имтиёзли ставка сақланиб қолади. Қимматли қоғозлар бозорини рағбатлантириш учун биржада сотиладиган қимматли қоғозлар бўйича тўланадиган дивидендлар бўйича солиқ имтиёзлари сақланиб қолади.

“Байтерек” холдинги томонидан чиқарилган қимматли қоғозлардан олинган даромадлар 2031 йилгача юридик шахслардан олинадиган даромад солиғидан озод қилинади.

Фойдали қазилмаларни қайта ишлаш ва геология-қидирув соҳаларига қўшимча имтиёзлар берилади. Жумладан, янги, паст рентабелликга эга бўлган майдонлар 5 йил муддатга фойдали қазилмаларни қазиб олиш солиғидан озод қилинади.

Шахсий даромад солигидан(ШДС) олинадиган даромад солиғининг прогрессив ставкаси жорий этилади. Йиллик ялпи даромади 8500 ойлик БҲМдан ортиқ бўлган фуқаролардан 15 фоизлик солиқ ставкаси ундирилади. Худди шундай, дивидендлари ва даромадлари йилига 230 минг БҲМдан ортиқ бўлган тадбиркорлар бир хил миқдорда солиқ тўлайдилар. Фермер хўжаликларининг ушбу меъёрдан ошган даромадлари эса аввал белгиланган 70 фоизлик чегирмани ҳисобга олган ҳолда 4,5 фоиз миқдорида солиққа тортилади.

Жисмоний шахслар учун қимматбаҳо маҳсулотлар, хусусан, 75 миллион тенгедан ортиқ автомобиллар, 100 миллион тенгедан ортиқ бўлган кемалар, литри 500 минг тенгедан ортиқ спиртли ичимликлар, донасига 10 минг тенгедан ортиқ бўлган тамаки маҳсулотлари учун 10 фоизлик акциз солиғи ундирилади.

Бундан ташқари, умумий қиймати 450 миллион тенгедан ортиқ бўлган кўчмас мулк объектлари учун мулк солиғи ошади.

Солиқ маъмурияти усуллари сезиларли даражада ўзгаради. Ички назорат огоҳлантирувчи хусусиятга эга бўлади. Солиқ қарзларини ундириш, тўлашни кечиктириш ва бўлиб-бўлиб тўлаш имкониятини таъминлаш тартиблари соддалаштирилади. Агар солиқ қарзи кичик бўлса, бизнес ҳисоблари блокланмайди. Қарз миқдорига қараб, огоҳлантириш ва бошқа чоралар босқичма-босқич қўлланилади.

Эслатиб ўтамиз, кодекс 2026 йил 1 январдан кучга киради. Кодекс матни матбуотда эълон қилинади.

Аввалроқ ҚР Президенти Молиявий мониторинг агентлиги ваколатларини кенгайтиргани ҳақида хабар берган эдик.

 

Сўнгги хабарлар