Давлат раҳбари саммитда Туркий дунёси тадқиқотчилари клубини ташкил этиш ҳақида гапирди
ASTANA. Kazinform – Давлат раҳбари Ташкилотга аъзо давлатлар ўртасидаги маданий-гуманитар алоқалар ҳам мустаҳкамланиб бораётганини таъкидлади. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.
“Бу йил Ақтау шаҳри туркий дунёнинг маданий пойтахти деб эълон қилинди. Унинг доирасида қатор тадбирлар ташкил этилди. Каспий қирғоғида туркий маданият фестивали бўлиб ўтди. Ушбу муҳим тадбирга 100 мингдан ортиқ томошабин ташриф буюрди. Бундан ташқари, бу йил Алмати шаҳри туркий дунёнинг ёшлар пойтахти бўлди.
Биз ёш авлодни биродарлик руҳида тарбиялашимиз, ёшларимизнинг маданий интеграциясини кучайтиришимиз керак. Шу муносабат билан келаси йили Алматида Креатив иқтисодиёт форумини ўтказишни таклиф қиламиз. Бундай қадам ёшларимизни бир-бирига яқинлаштириш, билим ва малакасини ошириш имконини беради. Қозоқларда «Өнерлі өрге жүзеді» деган мақол бор. Дарҳақиқат, санъат, таълим ва илм-фан қадриятлари цивилизациямиз кўламини кенгайтиришга ёрдам беради.
Қозоғистонда мамлакатларимиз зиёлилари вакилларини жамлаган махсус тадбир ўтказиш мақсадга мувофиқ бўларди. Ушбу тадбир Ташкилотимиз оқсоқоллар кенгаши доирасида ўтказилиши мумкин. Бундан ташқари, туркий дунё тадқиқотчилари клубини ташкил этишни таклиф қиламиз. У Туркий академия негизида тузилиши мумкин”, – деди Қасим-Жомарт Тоқаев.
Аввалроқ Қасим-Жомарт Тоқаев Президент Илҳом Алиевнинг таклифига биноан Туркий давлатлар ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг XII саммитида иштирок этиш учун 6-7 октябрь кунлари Озарбайжонга ташриф буюриши ҳақида хабар берган эдик.
Туркий давлатлар ташкилотининг XII саммитида давлат раҳбарлари сиёсий таклифлар билан чиқадилар ва туркий давлатларнинг муштарак масалаларини муҳокама қиладилар.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Давлат раҳбари Озарбайжоннинг Габала шаҳрига ташриф буюргани ҳақида хабар берган эдик.