Давлат раҳбари Миллий қурултойнинг йиғилиши санасини белгилади
ASTANА. Кazinform — Миллий қурултойнинг бешинчи йиғилиши 20 январь куни Қизилўрдада бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ақорда матбуот хизмати хабар берди.
Давлат раҳбари конституциявий ислоҳот бўйича келиб тушган таклифлар билан танишди. Қасим-Жомарт Тоқаев Давлат маслаҳатчиси Ерлан Қарин ва Президентнинг ҳуқуқий масалалар бўйича ёрдамчиси Ержан Жиенбаев билан Парламент ислоҳоти бўйича навбатдаги ишчи учрашув ўтказди.
Ерлан Қарин Давлат раҳбарига 9 январь куни бўлиб ўтган Ишчи гуруҳ йиғилишида келажакдаги бир палатали Парламентнинг мақоми, ваколатлари ва функцияларини, шунингдек, унинг бошқа ҳокимият тармоқлари билан ўзаро таъсирини аниқлаш бўйича ёндашувлар ишлаб чиқилганини маълум қилди.
15 январга режалаштирилган кейинги йиғилишда янги Парламентнинг асосий давлат институтлари фаолиятини таъминлаш бўйича ваколатлари муҳокама қилинади.
Ержан Жиенбаев Давлат раҳбарини Ишчи гуруҳ аъзолари ва жамоатчиликдан конституциявий ислоҳот бўйича келиб тушган янги таклифлар билан таништирди.
— Президент барча фикр ва ташаббуслар ҳисобга олиниши кераклигини таъкидлади. Шунингдек, у конституциявий ислоҳот бўйича якуний қарор мамлакат фуқаролари томонидан умумхалқ референдумида қабул қилинишини эълон қилди, — дейилади хабарда.
Йиғилишда шунингдек, Қизилўрда шаҳрида бўлиб ўтадиган Миллий қурултойнинг бешинчи йиғилишига тайёргарлик кўриш масаласи ҳам муҳокама қилинди.
Давлат раҳбари Қурултой йиғилишини шу йилнинг 20 январига белгилади ва бўлажак муҳим тадбирни ташкил этиш ва унга пухта тайёргарлик кўриш бўйича аниқ кўрсатмалар берди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Давлат раҳбари Парламент ислоҳоти бўйича ишчи кенгаш ўтказгани ҳақида хабар берган эдик.