Буюк Британияда ўқувчилар сони камайиб бормоқда, мактаблар ёпилиш арафасида
ASTANА. Кazinform — Англияда 2030 йилга бориб бошланғич синф ўқувчилари сони 180 минг нафарга камайиши кутилмоқда, деб хабар беради Кazinform мухбири.

Мамлакатда бошланғич синф ўқувчиларининг умумий сони 2018-2019 ўқув йилида энг юқори кўрсаткичга етиб, қарийб 4,51 миллион нафарга етди. Ўшандан бери бу кўрсаткич тахминан 2% га камайди ва кейинги беш йил ичида яна 4,1% га камайиши кутилмоқда.
Таълим сиёсати институти томонидан ўтказилган тадқиқотга кўра, бошланғич синф ўқувчилари сонининг камайиши асосан туғилиш даражасининг пасайиши билан боғлиқ. Бу кўрсаткич 2000-йилларнинг бошидаги "бэби-бум" дан кейин 2012 йилдан бери пасайиб бормоқда.
Муаммо айниқса Лондонда кескин. Шаҳарда ўқувчилар сонининг камайиб бораётгани одамларнинг пойтахтдан кўчиб кетиши ва ота-оналарнинг фарзандларини давлат мактабларидан хусусий мактабларга ўтказиши билан боғлиқ.
Ўқучилар сонининг камайиши давлат мактаблари учун катта муаммо ҳисобланади, чунки уларни молиялаштириш тизими асосан “бир ўқувчи — бир маблағ” тамойилига асосланади. Бюджетнинг қисқариши мактабларда педагог кадрларни сақлаб қолиш ва уларнинг кундалик харажатларини қоплашни қийинлаштиради.
Оқибатда ўқувчилар сони камайиб бораётган мактаблар молиявий босим остида қолмоқда ва уларни ёпишга мажбур бўлмоқда. Масалан, сўнгги 5 йил ичида биргина Лондонда 23 та бошланғич мактаб ёпилган.
Буюк Британияда болалар 5 ёшдан 11 ёшгача бўлган бошланғич мактабда ўқиш, ёзиш, математика ва бошқа фанларни ўрганишади. Кейин улар кўпинча алоҳида бинода жойлашган ва ўқувчилар имтиҳонларга ва кейинги таълимга тайёргарлик кўришда давом этадиган ўрта мактабга ўтадилар.
Ҳисоб-китобларга кўра, ўн йиллик охирига келиб бошланғич мактабларда атиги 4,24 миллион ўқувчи қолади, бу эса 180 минг болага кам. The Guardian нашрининг ёзишича, бу 800 та давлат бошланғич мактабини ёпишга тенг.
Умуман олганда, Таълим сиёсати институти прогнозларига кўра, 2030 йилга бориб, Буюк Британиядаги давлат мактабларида, жумладан, бошланғич ва ўрта мактабларда ўқувчилар сони бугунги кунга нисбатан тахминан 400 000 га кам бўлади.
Эслатиб ўтамиз, Бельгия жорий йилдан мактабларда смартфонлардан фойдаланишни тақиқлайди.