Брюсселда Қозоғистон фуқаролари учун ЕИ виза режимини юмшатиш бўйича музокаралар ўтказилади
BRUSSELS. Кazinform – Қозоғистон Ташқи ишлар вазири Ермек Кўшербаев ва Европа Иттифоқининг Ташқи ишлар ва хавфсизлик сиёсати бўйича Олий вакили Кая Каллас раислигида “Қозоғистон-Европа Иттифоқи” ҳамкорлик кенгашининг 22-йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда ҚР Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
Тадбирнинг аҳамияти, айниқса, Қозоғистон ва Европа Иттифоқи ҳамда унга аъзо давлатлар ўртасида Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланганининг 10 йиллиги муносабати билан ўтказилгани билан таъкидланди.
Томонлар Астана ва Брюссель ўртасидаги стратегик шерикликнинг ўн йиллик натижаларини сарҳисоб қилишди ва уни келажакда ривожлантириш бўйича ўз қарашлари билан ўртоқлашдилар.
Иқтисодий алоқалар ҳамкорликнинг асосий ҳаракатлантирувчи кучи бўлиб қолаётгани тасдиқланди. Европа Иттифоқи Қозоғистоннинг энг йирик савдо ва инвестиция ҳамкори мақомини сақлаб қолмоқда. 2024 йилда ўзаро савдо айланмаси 50 миллиард АҚШ долларига яқинлашди ва Европа инвестицияларининг умумий оқими 200 миллиард АҚШ долларига етди.
Мамлакатда Европа иштирокидаги 4 мингдан ортиқ компаниялар фаолият юритади. Қозоғистон томони савдони янада диверсификация қилишга тайёрлигини билдирди ва маҳаллий қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг Европа Иттифоқи бозорига киришини кенгайтириш муҳимлигини таъкидлади.
Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ("Ўрта йўлак") ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди. Глобал таъминот занжирларининг ўзгаришини ҳисобга олган ҳолда, томонлар ушбу йўналишнинг Европа ва Осиё ўртасидаги ишончли ва барқарор транспорт йўлаги сифатида стратегик аҳамиятини тасдиқладилар. Қозоғистон ушбу йўлакни янада ривожлантириш учун Европа Иттифоқи ва минтақавий шериклар билан ҳамкорликни чуқурлаштиришга тайёрлигини билдирди.
Алоҳида йўналиш сифатида "яшил" ва рақамли трансформация соҳасидаги ҳамкорлик муҳокама қилинди. Томонлар ушбу йўналиш Қозоғистон иқтисодиётини модернизация қилиш ва Европанинг саноат барқарорлигига тенг ҳисса қўшадиган истиқболли йўналиш эканлигини таъкидладилар.
Йиғилиш иштирокчилари шунингдек, Парламент ҳамкорлигининг муҳимлигини таъкидладилар ва ноябрь ойида Брюсселда бўлиб ўтган "ҚР - ЕИ" Парламент ҳамкорлик қўмитасининг 22-йиғилишининг муваффақиятли ўтказилганини юқори баҳоладилар.
Халқлараро алоқаларни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди. Томонлар 2 декабрь куни Брюсселда Қозоғистон Республикаси фуқаролари учун реадмиссия ва визаларни енгиллаштириш бўйича музокаралар бошланганини олқишладилар.
Ушбу қадам гуманитар алоқаларни мустаҳкамлашга, талабалар, олимлар ва мутахассислар учун имкониятларни кенгайтиришга, шунингдек, фуқароларнинг ҳаракатчанлигини оширишга сезиларли ҳисса қўшади.
Минтақалараро ҳамкорлик нуқтаи назаридан, 2025 йил апрель ойида Самарқандда бўлиб ўтган биринчи “Марказий Осиё — ЕИ” саммитида қабул қилинган тарихий қарор алоҳида таъкидланди. Натижада, ушбу формат расман стратегик шериклик даражасига кўтарилди.
Йиғилиш давомида делегациялар раҳбарлари Қозоғистон ва Европа Иттифоқи етук, барқарор ва истиқболли шерикликни қуришга муваффақ бўлганликларини таъкидладилар. Ўзаро ҳамкорликнинг 29 та асосий йўналишини ўз ичига олган Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим йиллар давомида ўзининг самарадорлиги ва долзарблигини намойиш этди ва ҳамкорлик ва ўзаро ишончни мустаҳкамлаш учун мустаҳкам пойдеворга айланди.
Йиғилиш якунида Е. Кўшербаев ва К. Каллас сиёсий мулоқотни янада мустаҳкамлаш, савдо ва инвестицияларни ривожлантириш, минтақавий алоқаларни ошириш ва гуманитар соҳада ҳамкорликни чуқурлаштиришга содиқ эканликларини тасдиқладилар.
Эслдатиб ўтамиз, қозоғистонликлар қайси мамлакатларга визасиз саёҳат қилишлари мумкин эканлиги ҳақида хабар берган эдик.