Британия Сурия куч тузилмаларига қарши санкцияларни бекор қилди

ASTANА. Кazinform — Лондон бу ҳаракат минтақада барқарорликни мустаҳкамлашга ва “суриялик қочқинларнинг қайтишини рағбатлантиришга” ёрдам беришини айтди, деб хабар беради Кazinform мухбири.

Аҳмад аш-Шараа
Фото: SANA

Пайшанба куни Буюк Британия Сурия Мудофаа ва Ички ишлар вазирликлари, шунингдек, бир қатор разведка хизматларининг активларини музлатиб қўйишни бекор қилди. Бу санкциялар Башар Асад даврида жорий қилинган.

Буюк Британия Молия вазирлиги томонидан эълон қилинган баёнотга кўра, Сурия Ички ишлар вазирлиги, Мудофаа вазирлиги ва Бош разведка бошқармаси ҳозирда активлар музлатиш рўйхатидан чиқарилган 12 ташкилот орасида.

Хабарномада қора рўйхатдан чиқаришнинг аниқ сабаблари кўрсатилмаган.

Шунингдек, Сурия давлат телерадиокомпанияси - ORTAS ва бошқа бир қанча оммавий ахборот воситаларига нисбатан санкциялар бекор қилинди.

— Ушбу чора-тадбирлар Асад режими қулагандан кейин Суриянинг иқтисодий тикланишига ёрдам беради, — деди пайшанба куни Буюк Британия бош вазири Кир Стармернинг матбуот котиби.

Унинг сўзларига кўра, жума куни кучга кирадиган қарорлар “минтақада барқарорликни таъминлаш ва суриялик қочқинларнинг ўз ватанларига қайтишини осонлаштиришга қаратилган”.

Жорий йилнинг март ойида Британия ҳукумати Сурия Марказий банки ва 23 та ташкилот, жумладан, банклар ва нефть компаниялари активларига нисбатан санкцияларни бекор қилган эди.

Аввалроқ Британия ҳукумати Башар Асад режими аъзоларига қарши санкциялар ўз кучида қолишини маълум қилганди.

Эслатиб ўтамиз, Россия Башар Асадни Сурияга экстрадиция қилишдан бош тортгани ҳақида хабар берган эдик.

Сўнгги хабарлар