БМТ: Ўтган йили 14 миллиондан ортиқ чақалоқ бирорта ҳам вакцина олмаган
ASTANA. Kazinform – 2024 йили 20 миллионга яқин чақалоқ дифтерия, қоқшол ва кўкйўталга қарши эмлашдан четда қолган. Бу ҳақда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ва БМТ Болалар жамғармаси (ЮНИСЕФ) маълум қилди, деб хабар беради БМТнинг расмий сайти.

ЖССТ ва ЮНИСЕФ эълон қилган сўнгги маълумотларга кўра, 14,3 миллион бола умуман бирорта ҳам вакцина дозасини олмаган.
Шу билан бирга, ўтган йили бутун дунё бўйича чақалоқларнинг 89 фоизи — тахминан 115 миллион бола — дифтерия, қоқшол ва кўкйўталга қарши камида бир доза эмлама олган, 85 фоизи — тахминан 109 миллион бола — ушбу касалликларга қарши тўлиқ, уч дозалик курсни якунлаган.
Молиялаштириш етишмаслиги ва ёлғон маълумотлар
Болаларни эмлашга бўлган талаб юқори бўлишига қарамай, сўнгги баҳолар хавотирли тенденцияларни кўрсатмоқда. Молиялаштириш етишмаслиги, беқарорликнинг ортиши ва вакциналар ҳақидаги ёлғон маълумотлар эмлаш соҳасида эришилган ютуқларни тўхтатиши ёки ҳатто орқага буриши мумкин.
ЖССТ маълумотларига кўра, болалар турли сабабларга кўра эмланмаяпти — тиббий хизматларнинг чекланганлиги, вакцина етказиб беришдаги узилишлар, можаролар, беқарорлик ва дезинформация.
“Ташқи ёрдамнинг кескин камайиши ва вакциналар хавфсизлиги ҳақидаги ёлғон маълумотлар йиллар давомида эришилган ютуқларга таҳдид солмоқда. ЖССТ ҳамкорлари билан биргаликда мамлакатларга маҳаллий ечимлар топиш ва ички сармояларни оширишда ёрдам беришда давом этади”, — деди ЖССТ бош директори Тедрос Аданом Гебрейесус.
Гуманитар дастурлар
Янги маълумотлар можаролар ва гуманитар инқирозлар эмлаш соҳасидаги ютуқларни тезда йўққа чиқариши мумкинлигини кўрсатмоқда. Дунёдаги ҳар тўрт чақалоқдан бири беқарорлик, можаро ёки фавқулодда вазиятлар кузатилаётган 26 мамлакатда яшайди. Вакцина олмаган болаларнинг ярми айнан шу мамлакатларда яшайди. Улар сони 2019 йилда 3,6 миллион бўлган бўлса, 2024 йилда 5,4 миллионга етган. Бу эса эмлашни гуманитар дастурларга мажбурий равишда қўшиш зарурлигини кўрсатади.
“Камайиб бораётган бюджетлар, заиф соғлиқни сақлаш тизимлари, можаролар сонининг ортиши ва дезинформация — орқага чекиниш хавфининг белгисидир. Вазият ўзгармоқда ва миллионлаб болаларни олдини олиш мумкин бўлган касалликлардан ҳимоя қилиш учун ҳозироқ чора кўриш лозим”, — деди ЮНИСЕФ ижрочи директори Кэтрин Рассел.
Касалликлар тарқалишига қарши кураш
Қийинчиликларга қарамай, мамлакатлар эмлашни кенгайтириш ва уни қўллашни давом эттирмоқда. Бу инсон папиллома вируси (HPV), менингит, пневмококк инфекцияси, полиомиелит ва ротавирусга қарши эмлашларни ўз ичига олади.
“2024 йилда кам даромадли мамлакатлар тарихда илк бор бунчалик кўп болани вакцинация билан қамраб олди: GAVI қўллаб-қувватлайдиган барча вакциналар бўйича қамров ўсди”, — деди Вакциналар ва эмлаш бўйича глобал альянс (GAVI) бош директори Сания Ништар.
Унинг таъкидлашича, шунга қарамай, аҳоли сонининг ўсиши, беқарорлик ва можаролар ҳали ҳам жиддий тўсиқ бўлиб қолмоқда.
Қизамиққа қарши эмлаш кўрсаткичлари ҳам яхшиланган: болаларнинг 84 фоизи биринчи дозани, 76 фоизи эса иккинчи дозани олган. Бу аввалги йилга нисбатан бироз юқори. Бироқ қизамиқнинг тарқалишини тўхтатиш учун талаб этиладиган 95 фоиз қамровдан ҳали ҳам анча паст.
2024 йилда қизамиқнинг тарқалиши 60 мамлакатда қайд этилди — бу 2022 йилга нисбатан икки баробар кўп.