“Баҳрайн-2025”: Ўзбекистон делегацияси медаллари 13 тага етди

TASHKENT. Kazinform — Баҳрайн мамлакати мезбонлик қилаётган ёшлар ўртасидаги III Осиё ўйинларининг навбатдаги куни беллашувлари якунига кўра, Ўзбекистон делегацияси ҳисобидаги медаллар сони 6 та олтин, 3 та кумуш ва 4 та бронзага етди, деб хабар беради UzA.

спортчи
Фото: UzA

Кечаги беллашувларда тўсиқлар оша 2 минг метр масофага югуришда Насимахон Мамирова кумуш медалга сазовор бўлган бўлса, Камронбек Қодиров (-65 кг) ва Абдулборий Абдуғофуров (-70 кг) ММА спорт турида бронза медаль билан тақдирланди.

Шунингдек, бокс бўйича ўтган саралаш беллашувларида Асадбек Султонбоев ҳиндистонлик Рахулни, Назокат Мардонова япониялик Ито Рунани, Абдуғани Ёрқинжонов Жанубий Корея вакили Лее Чангвукни ўз вазн тоифаларида мағлубиятга учратди.

Волейболчи йигитлар Мўғулистон термасини 3-1 ҳисобида енгиб, нимчорак финалга чиқди ва ушбу босқичда Индонезия терма жамоаси билан рақобатлашадиган бўлди.

III Осиё ўйинларининг бугун, 25 октябрь кунги дастурида ўзбекистонлик спортчилар 8 та йўналишда баҳсларга киришади.

Маълумот ўрнида: ҳозирда Ўзбекистон делегацияси 6 та олтин, 3 та кумуш ва 4 та бронза медаль билан умумжамоа ҳисобида учинчи ўринда бормоқда. Хитой делегацияси 13 та олтин, 13 та кумуш ва 5 та бронза медаль билан биринчи, таиландлик спортчилар 7 та олтин, 2 та кумуш ва 3 та бронза жамғариб, иккинчи ўриндан жой олган.

Эслатиб ўтамиз, кеча ўзбекистонликлар спортнинг 10 та тури бўйича баҳсларга киришиши ҳақида хабар берган эдик.

Сўнгги хабарлар