Баҳодир Жалоловнинг Канададаги жанги бекор қилинди
TASHKENT. Kazinform – Ўзбекистонлик боксчи Баҳодир Жалоловнинг бугун, 6 февраль куни бўлиб ўтиши режалаштирилган жанги бекор қилинди. Бу ҳақда боксчининг ўзи ижтимоий тармоқдаги саҳифаси орқали маълум қилди, деб ёзади Daryo.uz.

Шифокорлар ўзбекистонлик боксчига жанг қилиш учун рухсат бермаган.
Бугун Канаданинг Монреаль шаҳрида профессионал бокс оқшоми ўтади. Унда супероғир вазн тоифасида ўзбекистонлик профессионал боксчи Баҳодир Жалолов франциялик Дэвид Спильмонтга қарши рингга кўтарилиши керак эди, деб ёзади нашр.
“Жанг бекор бўлди. Арзимаган учуқ сабаб, жанг бекор қилинди. Рақиб ҳам, мен ҳам жанг қилишни хоҳладик. Афсуски, комиссия рухсат бермади. Бу ҳолат менда ёшликдан мавжуд. Бирор давлатга учсам ёки ҳаво алмаштирсам шунақа бўлади”, – дейди икки карра Олимпиада олтин медали соҳиби.
Эслатиб ўтамиз, Баҳодир Жалолов ва Дэвид Спильмонт face to face маросимида иштирок этгани ҳақида ёзган эдик.
Жалолов АҚШнинг Индио шаҳрида мазкур жанг учун тайёргарлик кўрган.
Маълумот учун, Супер оғир вазн тоифасидаги боксчи, икки карра Олимпиада чемпиони Баҳодир Жалолов профессионал фаолияти давомида ҳозирга қадар 14 та жанг ўтказиб, уларнинг барчасида ғалаба қозонган. Дэвид Спильмонт эса шу кунгача 25 та жанг ўтказиб, 16 ғалаба, 8 мағлубият ва 1 та дуранг қайд этган. Ғалабаларининг 11 тасини нокаут орқали қўлга киритган.