Ҳалок бўлган ўрмончиларнинг оилаларига 7 млн тенге, ҳар бир болага 2 млн тенгедан тўланади
Кенгаш фавқулодда вазиятда ҳалок бўлганлар хотирасига бир дақиқалик сукут сақлаш билан бошланди.
Фавқулодда вазиятлар вазири Сирим Шарипхановнинг маълум қилишича, 11 июнь куни кечқурун шамолнинг тезлиги секундига 18 метрга етган ва ёнғин асосий манбадан жанубга ёйилган. Хусусан, қуюқ тутун Талица қишлоғи томон ҳаракатланар, ўрмоннинг пастки қисми ёниб кетган. Аҳоли пунктини қўриқлаш мақсадида зудлик билан ёнғин ўчириш техникаси ишга туширилиб, натижада ёнғин бартараф этилди.
Кечаси ёнғинни ўчириш ишлари уч йўналишда: жанубий, ғарбий ва шимоли-шарқий йўналишларда олиб борилди. Бунинг ёрдамида асосий ўчоқ деярли ўраб олинган. 12 июнь куни эрталаб соат 06:00 дан ёнғинни ўчириш ишлари яна бошланди. Айни пайтда 1530 киши, 320 та техника ва 14 та вертолёт сафарбар этилган.
Шу билан бирга, Абай вилояти ҳокими Нурлан Уранхаев жорий ҳолат ва кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берди.
Бош вазир фавқулодда ҳолат сабабларини аниқлаш ва оқибатларини бартараф этиш бўйича махсус Ҳукумат комиссияси тузилганини, унинг таркибига тармоқ вазирликлари ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар вакиллари киритилганини таъкидлади.
Алихан Смаилов 10 кун ичида воқеанинг барча ҳолатларини аниқлаб, тегишли хулоса чиқаришни буюрди.
Шунингдек, Давлат раҳбарининг Абай вилоятидаги фавқулодда штаб йиғилишда берган топшириқларини бажариш учун ҳалок бўлганларнинг оилаларига «Қозоғистон халқи» жамғармасидан 7 миллион тенге, шунингдек, ҳар бир вояга етмаган болага 2 миллион тенгедан тўланади. Бундан ташқари, қурбонлар ва жабрланганларнинг оила аъзоларига зарур ёрдам чораларини кўриш учун махсус жамғарма ташкил этилди.
Қозоғистоннинг 40 дан ортиқ олий ўқув юртлари ёнғиндан жабр кўрган оилалар талабаларига грант ажратиш ва ётоқхонада жойлаштиришга тайёр. Бундан ташқари, тўлов асосида таҳсил олаётган талабалар ва магистрантларни грантга ўтказиш кўзда тутилган.
Хулоса ўрнида, Бош вазир табиатни муҳофаза қилиш ва ўрмон хўжалиги муассасаларини меъёрий моддий-техник жиҳатдан жиҳозлаш, ёнғин ҳолатларини барвақт аниқлаш, видеокузатув ва мониторинг тизимларини жорий этиш зарурлигини таъкидлади.
Эслатиб ўтамиз, 8 июнда содир бўлган «Семей» ўрмон қўриқхонасида ёнғинни ўчиришда 14 нафар ўрмончи ҳалок бўлган. Абай вилояти ҳокими ўринбосари Димитрий Гариковнинг сўзларига кўра, ёнғинга икки марта чақмоқ уриши сабаб бўлган.
Президент Қасим-Жомарт Тоқаев амалий ташриф билан Абай вилоятига ташриф буюрди.
12 июнь мамлакатда Умуммиллий мотам куни деб эълон қилинди.