Бугун – Қозоғистонда умуммиллий мотам куни
Жорий йил 8 июнда Семей ўрмон қўриқхонасида ёнғин содир бўлди. Фавқулодда вазият юзага келган дастлабки пайтдан бошлаб ўт ўчирувчилар ва қутқарувчилар иш олиб бориб, ўз вазифаларини бажарди. Фожиали ёнғин кўлами туфайли Семей шаҳрида фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Мутахассислар ҳали ҳам ёнғин билан курашяпти.
Абай вилояти ҳокими ўринбосари Димитрий Гариковнинг сўзларига кўра, 8 июнь соат 12:03 да Семей шаҳридан 25 километр узоқликда жойлашган Батпаев ўрмон хўжалигининг 66-кварталида ёнғин содир бўлгани ҳақида хабар келиб тушган. Ёнғинга 2 марта чақмоқ чақиши сабаб бўлган. Юқори ҳарорат ва кучли шамол туфайли ёнғин икки соат ичида 200 гектар майдонни қамраб олган.
Ўрмон ёнғини Успен, Поднебесное, Баришевка қишлоқларига хавф туғдиргани сабабли, аҳоли зудлик билан эвакуация қилинди. Жами 316 киши бошқа жойга кўчирилди.
Шунингдек, мутахассислар ёмон об-ҳаво туфайли ёнғинни ўчириш қийинлашганини айтди.
Географик вазият ҳам жуда оғир, чунки ердаги оғир техникалар қумтепалардан зўрға ўтади.
Ҳодисанинг эртаси куни, 9 июнда Семейда ўрмон ёнғинлари сабабли фавқулодда ҳолат эълон қилинди.
Ўша куннинг ўзида Ҳукумат матбуот хизмати Абай вилоятидаги ўрмон ёнғинлари билан курашаётган 14 нафар мутахассис билан алоқа узилгани ва улар қидирилаётганини маълум қилди.
ҚР Бош вазирининг биринчи ўринбосари Роман Скляр Абай вилоятидаги табиий ёнғинларни ўчириш бўйича Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг штаб йиғилишини ўтказди.
Йиғилишда вилоят ҳокими Нурлан Уранхаев ва Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари генерал-майор Марат Кулдиков воқеа жойидан маълумот берди.
«9 июнь соат 16:00 ҳолатига кўра, ёнғинни ўчириш учун 662 нафар шахсий таркиб, 177 та техника ва 6 та вертолёт сафарбар этилган. Ёнғинни авиация техникаси билан ўчириш учун 80 марта, жами 192 тонна сув қуйилди. Айни пайтда ўрмон хўжалиги корхоналарининг 14 нафар ходими билан алоқа узилган. Улар қидириляпти. Мавжуд вазиятни ҳисобга олган ҳолда, Астана шаҳри ва Қарағанди вилояти фавқулодда вазиятлар департаментларидан 133 киши ва 48 та техника, шунингдек, қўшимча 4 та вертолёт жўнатишга қарор қилинди», – дейилади хабарда.
Бир неча соатдан кейин Семей ўрмонидаги ёнғинни ўчиришда қатнашган 3 нафар мутахассис ҳалок бўлгани ҳақида совуқ хабар келди.
Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев бу ҳақда ўша пайтдаги Фавқулодда вазиятлар вазири Юрий Ильинга тегишли топшириқлар берди.
Ҳукумат ва Абай вилояти ҳокимлигига ҳалок бўлган ўрмон хўжалиги ходимларининг оилаларига барча зарур ёрдамни кўрсатиш топширилди.
Семейдаги ўрмон ёнғинининг кучайиши муносабати билан фавқулодда ёрдам линияси ишга туширилди.
Эслатиб ўтамиз, Абай вилоятидаги ёнғин туфайли Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаевнинг 11-13 июнь кунларига мўлжалланган Вьетнамга расмий ташрифи кейинга қолдирилди.
ҚР Бош вазири Алихан Смаилов раислигида ўтган йиғилишда Абай вилоятида содир бўлган йирик табиий ёнғинни бартараф этиш чора-тадбирлари муҳокама этилди ва ёнғинни ўчириш учун барча зарур воситалар ташкил этилгани маълум қилинди.
Учрашув давомида маълум бўлишича, аҳоли пунктларига таҳдид йўқолган ва вазият назоратга олинган. 10 июнь кечки пайт Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ўрмон ёнғинларида ҳалок бўлганлар сони 14 нафарга етганини маълум қилди.
Абай вилоятидаги ёнғинни ўчириш фавқулодда штаби маълумотларига кўра, қидирув ишлари давомида яна 11 кишининг жасади топилган. Орадан кўп ўтмай ёнғинда ҳалок бўлган ўрмончилар рўйхати эълон қилинди.
Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг маълумотларига кўра, Семей ўрмонидаги бешта ҳудудда 1 500 киши ва 300 га яқин техника ёнғинни ўчиришни давом эттиряпти.
Шунингдек, ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев амалий ташриф билан Абай вилоятига ташриф буюрди.
Давлат раҳбари вертолётда Абай вилоятидаги ёниб кетган ўрмон ҳудудини айланиб чиқди. ҚР Фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари Марат Кулдиков ва Абай вилояти ҳокими Нурлан Уранхаев Давлат раҳбарига ёнғинларни ўчириш ишларининг бориши ва табиий офатлар оқибатларига қарши курашиш бўйича кўрилаётган чора-тадбирлар тўғрисида маълумот берди.
ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ҳалок бўлган ўрмон хўжалиги ходимларининг оила аъзолари билан учрашди. Давлат раҳбари «Семей ўрмони» қўриқхонасида содир бўлган ҳалокатли ёнғин натижасида ҳалок бўлган ўрмон хўжалиги ходимларининг оила аъзолари ва яқин қариндошларига ҳамдардлик билдирди.
ҚР Президентининг фармони билан Сирим Дуйсенғазиули Шарипханов Қозоғистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазири лавозимига тайинланди.