Алатау шаҳрига 2 йил: келажак мегаполисида қандай ўзгаришлар бор
ASTANA. Kazinform — Алмати вилояти ҳудудида Алатау шаҳри ташкил этилганига 2 йил тўлди. Шу вақт мобайнида келажак рақамли мегаполисида қандай ўзгаришлар бўлганини Kazinform мухбири аниқлаб кўрди.
2024 йил январь ойида Давлат раҳбарининг қарори билан Алмати вилояти Иле тумани Жетиген қишлоғига вилоят аҳамиятидаги шаҳар мақоми берилиб, номи Алатау шаҳрига ўзгартирилди.
2025 йил сентябрь ойида Президент Алатау шаҳрига махсус мақом бериш тўғрисида Фармон имзолади. Унга кўра, Alatau City минтақадаги тўлиқ рақамлаштирилган биринчи шаҳарга айланиши керак.

Алатау ҳокимлиги маълумотига кўра, шаҳар ташкил этилмасидан аввал 2024 йил 1 январда бу ерда аҳоли сони 52 086 кишини ташкил этган. 2025 йил 1 декабрдаги маълумотларга кўра, аҳоли сони ортиб, 54 747 кишига етган.
Шаҳар аҳолисининг асосий қисми 36-60 ёш оралиғидаги фуқаролар — 17 143 киши. Болалар ва ўсмирлар иккинчи ўринда, 0-17 ёш оралиғида 15 972 киши бор.
18-35 ёш оралиғидаги ёшлар сони — 11 908, 60 ёшдан ошганлар сони — 6 918 киши.
Янги ижтимоий объектлар
Шаҳар номи берилгани билан, аввалги қишлоқлардан ташкил топган шаҳарда янгидан очилган ижтимоий объектлар кўп эмас. Алатау ҳокимлиги маълумотига кўра, 2024 йилда Енбек кичик туманида 600 ўринли «Келажак мактаби» очилган.

2025 йилда эса ушбу кичик туманда 15 ташриф буюрувчига мўлжалланган фельдшерлик-акушерлик пункти фойдаланишга топширилди.
Бундан ташқари, Жана арна кичик туманида 15 ташриф буюрувчига мўлжалланган фельдшерлик-акушерлик пункти қурилиши якунланган.
Ҳозирда объектни фойдаланишга топшириш учун қабул қилиш-топшириш актини расмийлаштириш ишлари олиб борилмоқда.
— Жорий йил февраль ойида Қоянқус кичик туманида 900 ўринли «Келажак мактабини» фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Шунингдек, 2026 йилда Жетиген кичик туманида маданият уйини, Заречнийда жисмоний тарбия ва соғломлаштириш марказини, Қоянқус кичик туманида спорт зали қурилишини бошлаш режалаштирилган, — дея хабар берди ҳокимлик.

Инвестицион лойиҳалар
Алатау шаҳри раҳбарияти 2024 йилга нисбатан 2025 йилда асосий капиталга киритилган инвестиция ҳажми 3 бараварга ошганини маълум қилди.
— Асосий капиталга киритилган инвестиция кўрсаткичи 2024 йилда 37,1 млрд тенгени ташкил этган бўлса, 2025 йилда 120 млрд тенгега етди. Унинг 80 фоизи хусусий инвестиция ҳисобига, — дея таъкидлади ҳокимлик.
Бугунги кунда шаҳар ҳудудида умумий қиймати 500 млрд тенге бўлган 17 инвестицион лойиҳа амалга оширилмоқда.

Улардан бири — инвестиция ҳажми 10 млрд тенге бўлган индустриал паркнинг иккинчи босқичини ишга тушириш бўлса, яна бири — 73,3 млрд тенге ҳажмидаги транспорт-логистика марказини қуриш. Бу ҳақда QAZAQ INVEST 2025 халқаро форумида Алмати вилояти ҳокимининг ўринбосари Рустем Исатаев айтган эди.
Янги туманлардаги муҳандислик тармоқлари
Шаҳар ҳокимлиги ўтган йили мавжуд аҳоли пунктларида 43,2 км электр энергияси тармоқлари тортилиб, 11 трансформаторлик қўшимча станция янгиланганини хабар қилди. Шунингдек, 12 км сув қувури тортилиб, 16 км канализация тармоқларининг авариявий қисми таъмирланган.
43,5 км йўлга жорий таъмирлаш ишлари, 13,5 км йўлга маҳаллий участкаларни асфальтлаш ишлари олиб борилган. Дәулет кичик туманига газ тармоқлари тортилиб, ишга туширилган.
Рақамли шаҳарнинг янгидан қуриладиган туманларида муҳандислик тармоқларини ўтказиш ишлари ҳали бошланмаган. Ҳозирда бу иш лойиҳалаштириш босқичида.

— Ҳозирги вақтда янгидан қуриладиган туманларга Алатау шаҳри бўйича муҳандислик-инфратузилмавий лойиҳаларни амалга ошириш бўйича йўл харитаси тасдиқланди. Ҳозирда биринчи навбатдаги муҳандислик-инфратузилмавий объектларни лойиҳалаштириш ишлари олиб борилмоқда, — дейилади ҳокимлик жавобида.

Эслатиб ўтамиз, ўтган йили Алатау шаҳри ривожланиш режаси тақдим этилган эди. Унга кўра, мегаполис 4 туманга бўлинади:
— Gate District тумани — молия-ишбилармонлик ва халқаро савдо марказига айланади. У Ўтеген ботир, Покровка, Қоянқус, Интимақ ва Жаналық аҳоли пунктларининг ўртасида жойлашади.
— Golden District тумани — энг яхши таълим тизимига эга, замонавий тиббиёт маркази бўлади. Майдони 15 минг гектардан ошадиган бу туман Кичик Алмати ва Қаскелен дарёлари орасидаги йўлнинг бўйида жойлашади.
— Growing District тумани — илмий-ишлаб чиқариш маркази ва Қозоғистонни Хитой ва Россия билан боғловчи йирик транспорт узелига айланади. Алмати — Қапшағай шоссеси ва Жетиген — Қазибек темир йўли бўйида жойлашади.
— Green District тумани — туризм, экология ва дам олиш тумани. Бу ерда казино маркази, табиий ҳудудлар ва фаол дам олиш инфратузилмаси бирлаштирилади. У Қапшағай сув омбори ва Қаскелен дарёси соҳилида, Қонаев шаҳри яқинида 31 минг гектардан ортиқ майдонни қамраб олади.

Эслатиб ўтамиз, Алмати ва Алатау шаҳарларида ҳаво таксилари ишга туширилади.