АҚШда 5 та “права”си бўлган ўзбекистонлик ҳибсга олинди

TASHKENT. Kazinform — Американинг Аризона штатида бешта ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлган 29 ёшли ўзбекистонлик юк машинаси ҳайдовчиси йўл-транспорт ҳодисаси содир этгандан кейин ҳибсга олинди. Бу ҳақда АҚШ Чегара патруль хизмати (US Border Patrol Yuma Sector) хабар берди.

ўзбекистонлик
Фото: US Border Patrol Yuma Sector

Қайд этилишича, 19 ноябрь куни АҚШнинг Аризона штати, Кварцит шаҳри яқинида автоҳалокат содир бўлган. Ҳодиса тафсилотлари маҳаллий полиция томонидан ўрганилганда, ўзбекистонлик эркакда 5 та ҳайдовчилик гувоҳномаси борлиги аниқланган. Унга Нью-Йоркда 2 та, Огайо штатида эса 3 та ҳайдовчилик гувоҳномаси берилган.

Маҳаллий ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимлари юк машинаси ва тиркамани воқеа жойидан олиб кетгач, ҳайдовчининг шахсий маълумотларини текширишни бошлашган.

Текширув давомида бу шахс 2023 йил апрель ойида АҚШга ноқонуний равишда киргани аниқланган. Жорий йилнинг июль ойида иммиграция судьяси уни депортация қилиш ҳақида қарор чиқарган, бироқ у бу буйруққа бўйсунмай, атайлаб мамлакатда қолган.

Шундан сўнг, Ўзбекистон фуқаросининг иши яна депортация жараёнига кўриб чиқиш учун тегишли идораларга юборилган.

Эслатиб ўтамиз, АҚШга сафар қилган ўзбекистонликлар сони 1,1 минг нафарга ошган.

Сўнгги хабарлар