30 та қозоғистонлик компания Gulfood 2026 халқаро кўргазмасида ўз маҳсулотларини тақдим этди
АSTANА. Kazinform — Дубай шаҳрида (БАА) дунёдаги энг йирик ва нуфузли озиқ-овқат ва ичимликлар саноатига мўлжалланган Gulfood 2026 халқаро кўргазмаси ўтказилмоқда, деб хабар беради Қишлоқ хўжалиги вазирлиги матбуот хизмати.
Қозоғистон бу глобал форумда илк бор ягона Миллий павильон билан иштирок этмоқда. Бу нохомашё экспортни ривожлантириш ва маҳаллий агросаноат маҳсулотларини Яқин Шарқ ва Форс кўрфази мамлакатларининг асосий бозорларига илгари суриш бўйича давлат сиёсати доирасида ташкил этилди.

Миллий павильонни кўздан кечирган Қишлоқ хўжалиги вазири Айдарбек Сапаров мамлакатнинг кўргазмада иштирок этишининг стратегик аҳамиятига тўхталди.
— Gulfood 2026 кўргазмасида иштирок этиш — мамлакатимизнинг халқаро бозорга сифатли, хавфсиз ва рақобатбардош агроозиқ-овқат маҳсулотларини ишончли етказиб берувчи бўлишга тайёрлигини кўрсатадиган муҳим қадам. Бу майдон халқаро дистрибьюторлар ва трейдерлар билан бевосита B2B алоқалар ўрнатишга, Яқин Шарқ, Форс кўрфази, Африка ва Жанубий Осиё бозорларига қозоғистонлик маҳсулотларнинг экспортни кенгайтиришга, Kazakhstan брендини илгари суришга, шунингдек, агросаноат комплексига хорижий инвестициялар ва технологик шерикларни жалб қилишга имконият беради, — деди вазир.

Дунё етакчи брендлари билан бир майдонда 30 та қозоғистонлик компания ўз маҳсулотларини тақдим этмоқда. У ерда экспортга йўналтирилган 300 дан ортиқ маҳсулот номлари мавжуд бўлиб, улар орасида ғалла ва уларни чуқур қайта ишлаш маҳсулотлари, ун, гўшт ва сут маҳсулотлари, ўсимлик ёғлари ва ёғ маҳсулотлари, шунингдек, юқори қўшилган қийматга эга қайта ишланган маҳсулотлар тақдим этилган. Маҳаллий ишлаб чиқарувчиларнинг кўпчилиги халқаро аккредитациядан ўтган ва Halal стандартларига мувофиқ келади. Улар орасида Baltic Control Kazakhstan, Olzha Agro, Atameken Agro, Green Vitamin, QAYIP АТА ва бошқа компаниялар бор.

— Қозоғистоннинг кўргазмада иштирок этиши республика бюджети маблағларисиз ташкил этилди, яъни барча харажатларни компаниялар ўзлари кўтарди. Бу бизнес соҳасининг халқаро бозорларга бўлган қизиқишининг юқори эканини ва экспорт салоҳиятини ривожлантириш йўлидаги стратегик қарашини яққол кўрсатади. Қозоғистон ҳамкорликка, инвестицияларга ва қўшма ташаббусларга очиқ, — деб таъкидлади Айдарбек Сапаров.

Таъкидлаш жоизки, Gulfood кўргазмаси ҳар йили дунёнинг 190 дан ортиқ мамлакатидан минглаб компания ва профессионал ташриф буюрувчиларни бирлаштириб, озиқ-овқат товарларининг халқаро савдосини ривожлантиришдаги асосий платформа ҳисобланади.
Gulfood 2026 кўргазмаси 30 январгача давом этади.
Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда қишлоқ хўжалиги машинасозлиги соҳасига йўналтирилган инвестициялар 1,7 бараварга ошди.