Зимбабведа озиқ-овқат инқирози туфайли 200 та фил отилади

Зимбабведа мисли кўрилмаган қурғоқчилик туфайли озиқ-овқат тақчиллиги кузатилмоқда. Мамлакатда очарчиликни бартараф қилиш учун турли чоралар кўрилмоқда. “France-Presse” агентлиги ушбу давлатнинг Ёввойи табиатни муҳофаза қилиш бошқармаси баёнотига таяниб ёзишича, яқинда ҳукумат 200 бош филни отишга қарор қилган. Аввалроқ Президент Эммерсон Мнангагва Ал-Нинё табиий ҳодисаси келтириб чиқарган қурғоқчилик туфайли мамлакатда миллий офат эълон қилган эди, деб ёзади ЎзА агентлиги.

слон
Фото: iStock

– Озиқ-овқат танқислигига олиб келган мисли кўрилмаган қурғоқчилик туфайли 200 та фил йўқ қилинади, – дейилган хабарда.

Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазири Нкобизита Мангалисо Ндлову мамлакат ҳудудида “керагидан кўп фил борлиги”ни айтиб, ҳукумат боғлар ва ёввойи табиатни муҳофаза қилиш бошқармаси – “Zim Parks”га хартумли жониворларни йўқ қилиш жараёнини бошлашга кўрсатма берганини қўшимча қилди. “Zim Parks” ижрочи директори Фултон Мангваня айтишича, 200 та фил одамга дуч келган жойдаёқ отиб ташланади.

Бу чора “тез ўсиб бораётган ҳайвонлар популяцияси” муаммосини ҳал қилади. Сўнгги маълумотларга кўра, Зимбабведа 100 мингга яқин фил яшайди. Яъни, ушбу мамлакат айни кўрсаткич бўйича дунёда Ботсванадан кейин иккинчи ўринда туради. Охирги марта Зимбабведа филлар 1988 йил ўлдирилган.

Табиий ресурсларни бошқариш нотижорат маркази директори Фараи Магуву ҳукуматнинг бу қарорини қоралади. Унинг фикрича, мазкур қадам туризм саноатига сезиларли зиён келтиради, чунки “тирик фил ўлигидан кўра кўпроқ фойда келтиради”.

Шу ой бошида “France-Presse” Намибия ҳукумати мамлакатда қурғоқчилик ва очарчиликка қарши кураш доирасида 157 бош ёввойи ҳайвон ўлдирилгани ҳақида хабар берганди.

БМТ Жаҳон озиқ-овқат дастури (WҒР)нинг Африка жануби бўйича минтақавий директори вазифасини бажарувчи Лола Кастро июль ойи охирида қитъа жануби Ал-Нинё об-ҳаво ҳодисаси туфайли сўнгги 100 йилдаги энг кучли қурғоқчиликка дуч келгани ва 2025 йилгача экинсиз қолишини айтган.

Мутахассислар таъкидлашича, ушбу минтақадаги беш давлат – Малави, Намибия, Замбия, Зимбабве ва Лесото аллақачон миллий офат эълон қилган. Тез орада бу сафга Ангола ва Мозамбик қўшилиши мумкин. Айни пайт қурғоқчиликдан камида 27 миллион киши азият чекмоқда.

Сўнгги хабарлар