Жорий йилнинг биринчи ярмида Қозоғистонда 32 спорт иншооти фойдаланишга топширилди
ASTANА. Кazinform – Давлат раҳбари топшириқлари ижроси доирасида Туризм ва спорт вазирлиги томонидан спорт инфратузилмасини ривожлантиришга қаратилган йирик лойиҳалар тизимли равишда амалга оширилмоқда. Йил бошидан буён мамлакатда 32 спорт иншооти ишга туширилди.

Фойдаланишга берилган иншоотлар орасида Ақмола вилоятининг Зеренди қишлоғида барпо этилган янги спорт мажмуаси алоҳида эътиборга молик лойиҳадир. Бу — давлат мулкига қайтарилган активлар ҳисобидан тўлиқ молиялаштирилган мамлакатдаги биринчи спорт иншооти. Умумий майдони 6 минг квадрат метрдан ортиқ бўлган мажмуа эркин ва қозоқ кураши, бокс, оғир атлетика, чанғи спорти ҳамда умумий жисмоний тарбия заллари, кийиниш хоналари, тиббиёт кабинети, массаж ва буфет хоналари, кир ювиш хонаси, мураббийлар учун кабинетлар, шунингдек, 48 ўринли ётоқхонадан иборат.
Яна бир муҳим лойиҳа – Павлодар вилоятининг Баянаул туманидаги кўп тармоқли спорт мажмуаси. Бу ерда спортнинг волейбол, баскетбол, бокс, кураш, камондан отиш, тўғизқумалак, стол тенниси каби турлари билан шуғулланиш мумкин. Мажмуада 4 полосали (25 метр) бассейн мавжуд. 7 ёшдан ошган болалар учун сузиш бўйича олимпия ва миллий спорт турлари бўйича тўгараклар, секциялар очилди. Туман аҳолиси авваллари 2009 йилда қурилган эски спорт залидан фойдаланиб келган. Янги мажмуа замонавий талаблар асосида жиҳозланиб, вилоят аҳолисининг спорт билан шуғулланиши учун имкониятларни сезиларли даражада оширади.
Қизилўрда шаҳрида халқаро андозалар асосида қурилган янги стадион қурилишини сентябрь ойида якунлаш режалаштирилган. Бу иншоотдан нафақат профессионал спортчилар, балки шаҳар аҳолиси ҳам фойдаланиши мумкин бўлади. Бу ерда бокс, кураш, гимнастика, оғир атлетика, таеквондо, фитнес заллари мавжуд.
Бу йил Астана шаҳрида Қ.Мунайтпасов номидаги янги стадион қурилиши бошланди. Ушбу иншоот 2026 йилнинг биринчи чорагида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Стадион қурилиши 15 минг квадрат метрдан ортиқ майдонни эгаллайди. Уч қаватли мажмуа 3600 томошабинга мўлжалланган. Янги спорт мажмуаси йил давомида машғулотлар ўтказиш имкониятига эга бўлиб, зарур кийиниш хоналари ва ювиниш хоналари билан тўлиқ таъминланади.
Астанада Миллий спорт университети қурилиши давом этмоқда. Ушбу таълим муассасаси коллеж босқичидан докторантурагача бўлган мутахассисларни тайёрлашга қаратилган. Қурилиш ишлари босқичма-босқич амалга оширилмоқда. Мажмуа қурилиши 2025 йил охиригача якунланиши кутилмоқда.
Университетда 500 нафар коллеж талабаси, 2000 нафардан ортиқ бакалавр, 60 нафар магистр ва докторант таҳсил олиши режалаштирилган. Бу ерда бўлажак мураббийлар, спорт менежерлари, спорт психологлари, тадқиқотчилар юқори натижаларга эришиладиган спорт турлари бўйича тайёрланмоқда.
Университет инфратузилмаси стадион, ёпиқ енгил атлетика аренаси, олимпия сузиш ҳавзаси, кўп мақсадли спорт мажмуаси, шунингдек, илмий ва тиббий реабилитация марказларини ўз ичига олади.
Бундан ташқари, Туркистон шаҳрида эшкак эшиш канали қурилиши 2025 йил охиригача якунланади.Янги каналда байдарка ва каноэда эшкак эшиш, параканоэ ва академик эшкак эшиш бўйича мусобақалар ўтказилиши мумкин бўлади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ жорий йилда Қозоғистонда 172 та мактабгача таълим муассасаси очилгани ҳақида хабар берган эдик.