Жорий йилда қарийб 1 миллион хорижлик фуқаро Қозоғистонга келиш учун ариза топширган
ASTANA. Kazinform – Қозоғистонга 87 та давлат фуқаролари визасиз кириши мумкин. Бу ҳақда Ички ишлар вазирининг биринчи ўринбосари Бауиржан Аленов маълум қилди.

«Ички ишлар вазирлиги миграция устидан назоратни таъминлаш бўйича чоралар кўрмоқда. Умуман олганда, бугунги кунда хорижий фуқаролар учун қулай шарт-шароитлар яратилган. Улар учун мамлакатга кириш ва шу ерда бўлиш тартиби енгиллаштирилган. Мамлакатимизга 87 давлатнинг фуқаролари визасиз кириши мумкин», – деди Бауиржан Аленов Ҳукумат йиғилишида.
Унинг таъкидлашича, электрон виза орқали 107 та мамлакат фуқароларига виза берилиши мумкин.
«2020 йилдан бошлаб Қозоғистонга келаётган хорижликлар вақтинчалик рўйхатдан ўтишдан озод этилган. Илгари улар 5 кун ичида рўйхатдан ўтиши керак эди. Ҳозирда эса хорижлик фуқаролар келгани ҳақида қабул қилувчи томон «E-Қонақ» иловаси орқали хабар бериши шарт. Жорий йилда 900 мингдан ортиқ ариза келиб тушди. Рўйхатдан ўтиш тартибини бузгани учун 14 800 нафар киши жавобгарликка тортилди. Шу муносабат билан полиция хорижий фуқароларга тушунтириш ишларини олиб бормоқда», – деди вазирлик вакили.