Жорий йил Қозоғистонда 172 та мактабгача таълим муассасаси очилди
ASTANA. Kazinform – Жорий йилнинг биринчи ярим йиллиги якунларига кўра, Қозоғистонда жами 13,2 минг ўринли 172 та мактабгача таълим муассасаси иш бошлади. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Таълим-маориф вазирлиги маълум қилди.

“Бу 2 ёшдан 6 ёшгача бўлган болаларнинг 93,1 фоизини мактабгача таълим билан қамраб олиш имконини берди.
Мактабгача таълимни кенгайтириш қурилиш ишларини олиб бориш, мавжуд боғчаларни кенгайтириш, кўп қаватли уйларнинг биринчи қаватларида кичик марказлар очиш, давлат таълим буюртмасини жойлаштириш, жумладан «пул болага берилади» тамойили асосидаги ваучерлик молиялаштириш ҳисобидан амалга оширилмоқда”, – дейилади маълумотда.
Маълумотга кўра, янги ваучерлик молиялаштириш механизми мамлакатнинг 19 шаҳри ва 7 туманида жорий этилди. У орқали 300 мингга яқин бола мактабгача таълим олиш имконига эга бўлди, навбатлар 44 фоизга қисқарди.
Шунингдек, боғчага бормайдиган болаларнинг ота-оналари учун маслаҳат пунктлари тармоғи кенгайтирилди. Йил бошидан буён бундай пунктлар сони 4,2 мингдан 5,5 минггача ошди.
Бундан ташқари, 260 та давлат боғчасида таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда ва уларнинг моддий-техника базаси мустаҳкамланмоқда.
Эслатиб ўтамиз, ҳозирги кунда мамлакатдаги 11,8 мингдан ортиқ боғчада 1 миллиондан зиёд бола тарбияланмоқда.