«ЖолБарыс» – Турон йўлбарси Қозоғистонга қайтгани ҳақидаги янги ҳужжатли фильм
ASTANA. Kazinform – Турон йўлбарси илгарилари Марказий Осиёда кенг тарқалган йиртқич ҳайвонлардан бири бўлган. Аммо ХХ асрнинг ўрталарида бутунлай йўқолиб кетди. Энди Қозоғистон ушбу йўлбарс турини қайта тиклаш мақсадида кенг қамровли лойиҳани амалга оширмоқда. Бу ҳақда Президент Телерадиокомплекси томонидан суратга олинган «ЖолБарыс» номли янги ҳужжатли фильмда сўз боради. Фильм бугун 19:30 да Jibek Joly телеканалида намойиш этилади.

WWF Марказий Осиё дастури раҳбари Екатерина Накашидзе таъкидлашича, йўлбарсни табиатга қайтариш учун кенг кўламли илмий тадқиқотлар ўтказилган.
“Флора ва фауна, экотизим, ижтимоий ҳамда сунъий йўлдош маълумотларига асосланган таҳлиллар натижасида Балқаш ҳудуди йўлбарсни қайта жойлаштириш учун энг мақбул ҳудуд сифатида танланган. Чунки бу ернинг табиий шароити йўлбарс ҳаёти учун жуда қулай”, – дейди Накашидзе.
2017 йили Қозоғистон Республикаси ва Жаҳон ёввойи табиат фонди (WWF) ўртасида махсус меморандум имзоланган. Лойиҳанинг тўлиқ амалга ошиш муддати тахминан 30-50 йилни ташкил этади.
ҚР Президенти Қасим-Жомарт Тоқаев ушбу лойиҳани шахсан назоратига олган ва Турон йўлбарсини миллий табиий меросни тиклаш йўлидаги муҳим қадам сифатида баҳолаган.
“Биз Балқаш минтақасида Турон йўлбарсининг популяциясини қайта тиклашни бошладик. Бу – хўжалик фаолияти билан боғлиқ қатор мураккаб муаммоларни ҳал қилишни талаб этадиган вазифа”, – деган эди Давлат раҳбари.

Леонардо Ди Каприо: Қозоғистон – Марказий Осиёда йўлбарсни қайтарган биринчи давлат
Лойиҳа бошланиши биланёқ жаҳон ҳамжамиятининг эътиборини тортди. Жумладан, машҳур Голливуд актёри ва экологик фаол Леонардо Ди Каприо 2017 йили ижтимоий тармоқдаги саҳифасида Қозоғистонни йўлбарсни Марказий Осиёга қайта олиб келаётган биринчи давлат сифатида тилга олган.
“Қозоғистон ёввойи йўлбарсни 50 йил аввал йўқолган Марказий Осиёга қайтарган биринчи мамлакат бўлади”, – деб ёзган эди Ди Каприо.
Резерват ташкил қилинди, озуқа базаси тайёрланди
Йўлбарсни шунчаки олиб келиб, табиатга қўйиш етарли эмас. Аввало, унинг яшаши учун тўлиқ экотизимни қайта тиклаш талаб этилади. Шу мақсадда 2018 йили Иле-Балқаш табиий резерват ташкил этилди. Умумий майдони – 1,2 миллион гектардан ортиқ.
Турон йўлбарслари 2024 йил кузида келтирилди
2024 йил кузида Қозоғистонга илк икки Турон йўлбарси олиб келинди. Улар Нидерландиядаги ёввойи ҳайвонларни мослаштириш марказидан келтирилган. Бу марказда йўлбарслар инсон билан минимал алоқада ҳаёт кечирган.
Иле-Балқаш резерватида махсус 10 гектарлик вольер мажмуаси қурилган. Бу ерда 6 та алоҳида ҳужра, видеокузатув, бассейн ва ветеринария бўлими мавжуд.
Мутахассислар таъкидлашича, Амур йўлбарси генетик жиҳатдан Турон йўлбарсига энг яқин тур ҳисобланади. Улар орасидаги фарқ 1%дан кам. Шу боис экологик нуқтаи назардан улар Турон йўлбарси сифатида тан олинмоқда. Энди улар ўз аждодлари яшаган қадимий ватани – Марказий Осиёга қайтди.