Жанубий Кореяга сут, Японияга от гўшти етказиб берилмоқда – Қозоғистон экспорти қанчалик ўзгарган
ASTANA. Kazinform – Қозоғистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратмоқда, яъни шу нуқтаи назардан жаҳон бозоридаги мавқеи мустаҳкамланиб, етказиб бериш йўналишлари кенгаймоқда. Мамлакат қатор ҳамкор давлатларга кўплаб чорва моллари, сут маҳсулотлари, асал, колбаса, консерва маҳсулотларини экспорт қилмоқда.

Қозоғистондаги компаниялар ЕОИИ, МДҲ мамлакатлари, шунингдек, Эрон, Хитой, Мўғулистон, БАА ва Саудия Арабистонига қорамол ва майда чорва моллари, от ва туялар етказиб беради.
Асал ва асаларичилик маҳсулотлари, паррандачилик маҳсулотлари, тери, ем-хашак каби маҳсулотлар ушбу мамлакатларга, шунингдек, Туркияга олиб кетилмоқда.
Хусусан, консерва маҳсулотлари, колбаса ва сут маҳсулотлари, балиқ ЕОИ ва МДҲ давлатлари, Эрон, Жанубий Корея ва Хитойга экспорт қилинмоқда. Бундан ташқари, қўй ва от гўшти ЕОИИ ва МДҲ, Эрон, Хитой, БАА, Саудия Арабистони ва Японияга етказиб берилмоқда.
Қозоғистонда 2023 йилда қишлоқ хўжалигининг умумий айланмаси 11,3 миллиард долларни ташкил қилди. Бу кўрсаткич 2022 йилда қайд этилган 11,5 миллиард доллардан бир оз камроқ. Экспорт ҳажми 5,35 миллиард долларни ташкил этди, бу ўз навбатида 2022 йилга нисбатан 5 фоизга камдир. Шу билан бирга, Қозоғистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти экспорт қилинган товарлар умумий ҳажмининг қарийб 7 фоизини ташкил этди.
Россия, Ўзбекистон, Хитой, Афғонистон ва Тожикистон қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари бўйича Қозоғистоннинг бешта йирик савдо ҳамкорлари қаторидан жой олди.
2023 йилда Россия билан товар айирбошлаш ҳажми 3,46 миллиард долларни, Ўзбекистон билан 1,71 миллиард долларни, Хитой билан эса 1,3 миллиард долларни ташкил қилди. Ўтган йили ШҲТ давлатлари билан қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг умумий айланмаси 7,7 миллиард долларга етди.
Қозоғистоннинг жами қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортининг 70 фоизи ШҲТ мамлакатларига жўнатилди, яъни унинг миқдори 3,8 миллиард доллардан ошди.
Яқинда Қозоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазири Айдарбек Сапаров Қозоғистон 80 та давлатга, жумладан, Марказий Осиё ва ЕОИИ давлатларига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беришини айтди. Бу борада мамлакат озиқ-овқат экспорти бўйича дунёнинг 25 та йирик давлати қаторидан жой олди. Кейинги беш йилда қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти икки баравар кўпайиб, 5,4 миллиард долларга етди. Қозоғистон экспорт кўрсаткичларини янада ошириш учун 2029 йилгача экспорт ҳажмини икки баравар оширишни режалаштирмоқда.
“Биз бу кўрсаткични янада оширишни режалаштирмоқдамиз. Мамлакатимиз дунёда озиқ-овқат тақчиллиги кучайиб бораётган бир шароитда 2029 йилгача қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортини икки баробарга оширишни мақсад қилган. Шу билан бирга, экспорт тузилмасини фаол равишда ўзгартириб, қайта ишлаш даражаси юқори бўлган маҳсулотларга устувор аҳамият беряпмиз. Кейинги 5 йилда қайта ишланган маҳсулотлар экспорти икки баробарга ошиб, 2,3 миллиард АҚШ доллари даражасига етди. Қозоғистонда қўшма қайта ишлаш корхоналари очишдан манфаатдормиз. Очиқ фаолият юритаётган корхоналар қўллаб-қувватланади. Хусусан, бу борадаги ҳаракатлар Қозоғистон ва ЕОИИ мамлакатларида озиқ-овқат хавфсизлигини мустаҳкамлайди”, — деди Вазир.
Айни пайтда вазирлик томонидан Европа Иттифоқи, Вьетнам, Сингапур ва Форс кўрфази мамлакатларига экспорт қилинадиган товарлар турини кенгайтириш давом этмоқда.