Жанубий Корея “Темир гумбаз” аналогини ишлаб чиқди

Жанубий Корея душанба куни Шимолий Кореядан келаётган артиллерия таҳдидларига қарши мудофаани кучайтириш учун Исроилнинг “Темир гумбази”га ўхшаш ўзининг ракетага қарши мудофаа тизимини расман ишлаб чиқа бошлади.
Ҳукумат 2028 йилгача паст баландликдаги ракеталарга қарши мудофаа (Low-Altitude Missile Defense, LAMD) тизимини ривожлантириш учун 479,8 миллиард вон (329 миллион доллар) ажратишни режалаштирмоқда.
Жанубий Корея Сеулдаги ҳаво мудофаасини кучайтиришга интилмоқда, чунки Шимолий Корея мамлакатнинг 51 миллион аҳолисининг ярми истиқомат қиладиган пойтахт минтақасида кўплаб узоқ масофали артиллерия қурилмаларига эга.
Жанубий Кореянинг Мудофаани сотиб олиш дастури маъмуриятининг (DAPA) айтишича, тизим асосий ҳарбий иншоотларни Шимолий Корея артиллерия таҳдидларидан ҳимоя қилишга ёрдам беради.
DAPA хабарига кўра, лойиҳада давлатга қарашли Мудофаа тараққиёти агентлиги ва LIG Nex1 Co., Hanwha Aerospace Co. ва Hanwha Systems Co. каби мудофаа компаниялари иштирок этади.
Эслатиб ўтамиз, 14 январь куни Шимолий Корея Япон денгизи (Шарқий денгиз) томон бир нечта қисқа масофали баллистик ракеталарни учирди. Бу Шимолий Корея томонидан жорий йилда иккинчи ракета учирилиши эди. 6 январь куни мамлакат Япония денгизи томон ўрта масофага мўлжалланган баллистик ракетани учирди.