Жамоат бирлашмасини ташкил этиш тартиби соддалаштирилади ва жавобгарлик кучайтирилади – ҚР Мажилиси депутати
“Жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги қонунга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси Мажилиснинг келгуси чоршанба куни бўлиб ўтадиган ялпи мажлисида 1-ўқишда муҳокама қилинади. Шу муносабат билан қонун лойиҳаси бўйича ишчи гуруҳи раиси, Мажилис депутати Нартай Сарсенғалиевдан таклиф этилаётган янги нормалар ҳақида сўрадик, деб хабар беради Kazinform мухбири.
“Маълумки, республиканинг ҳудудий тузилиши ўзгариб, 3 та вилоят маркази ташкил этилди. Шу муносабат билан амалдаги “Жамоат бирлашмалари тўғрисида”ги қонунни тартибга солиш зарурати пайдо бўлди. Биз буни тартибга солиш ниятида эдик. Бироқ, энг муҳим новелла бирлашма ташкил этиш билан боғлиқ ўзгаришлар бўлади. Илгари жамоат бирлашмасини тузиш учун 10 та таъсисчи керак эди. Эндиликда қонун лойиҳасига кўра, мамлакатда жамоат бирлашмасини ташкил этиш учун 3 та таъсисчи етарли бўлади. Яна бир ўзгариш шуки, ҳозиргача бизда жамоат бирлашмалари очилиб, ёпилган. Энди, агар бирлашма молиявий асосга эга бўлса, у ҳолда давлат органлари уни ёпишдан олдин текширади. Бу эса масъулиятни оширади”, — деди Нартай Сарсенғалиев.
Депутатнинг айтишича, қонун лойиҳасини ишлаб чиқишда Европа тажрибаси пухта ўрганилган.
“Касаба уюшмалари, диний бирлашмалар, сиёсий партиялар бўйича ҳам саволлар келиб тушмоқда, бу жуда муҳим. Сиёсий партиялар, диний бирлашмалар, касаба уюшмалари ушбу қонунда назарда тутилган имтиёзларга эга эмаслар. Диний ташкилотлар, сиёсий партиялар, касаба уюшмалари ўзларининг соҳавий қонун ҳужжатлари билан тартибга солинади. Таклиф этилаётган қонун лойҳасига кўра, касаба уюшмаси, диний бирлашма ёки сиёсий партия тузишга йўл қўйилмайди. Ушбу қонун лойиҳаси келаси чоршанба куни 1-ўқишга тақдим этилади”, — деди Мажилис депутати.
Депутат қонун лойиҳаси бўйича Мажилиснинг барча қўмиталари ижобий хулоса берганини, депутатларнинг эътирозлари бўлмаганини таъкидлади.
“Энг муҳими, жамиятни демократлаштириш, фуқароларимизга имкон қадар кўпроқ жамоат бирлашмаларини яратиш имкониятини беришдир. Ишчи гуруҳда муассислар қисқариб, уюшмалар кўпайса, “давлат органларига оғир бўлади”, деган фикрлар ҳам бўлди. Аммо биз бунга шунчаки қарай олмаймиз. Зеро, “демократик жамият, эшитадиган давлат яратамиз” деб фуқароларга индивидуал имкониятлар берсак, эндиликда уларнинг бирлашмалар тузишига йўл очишимиз керак. Фуқароларимиз турли масалаларда ўз позициясини билдирмоқчи бўлиб, жамоат бирлашмасини тузмоқчи бўлса, муаммо бўлмаслиги даркор. 3 та таъсисчи топсин ва ташкил этсин. Қанча аъзо бўлиши уларнинг фаоллиги ва ишига боғлиқ. Асосийси, таъсисчилар сонини 10 тадан 3 тага қисқартирамиз”, — деди Нартай Сарсенғалиев.
Муаллиф: Марлан Жиембай