Жамбил вилоятида 3 минг йиллик тарихга эга қозон топилди
Қадимий ёдгорликни Бесағаш қишлоғи яқинида Ертай исмли киши қабр қазаётганида топиб олган.
Шерхан Муртаза номидаги Маънавият ва тарихшунослик маркази директори, тарихчи-археолог олим Сауран Қалиев Бесағашга махсус ташриф буюриб, тарихий ёдгорлик билан танишди.
Тарихчи қадимий қозон милоддан аввалги V-III асрлардаги саклар даврига мансуб, дейди. Бронза ва қалай бирикмасидан ясалган қозоннинг баландлиги 70 см, диаметри эса 66 см.
«Қозон топилган жой яқинида ўрта аср шаҳарчаси – Ақтўбе аҳоли пункти жойлашган. Бироқ, қозон темир даврига тегишли бўлганлиги сабабли, Ақтўбе тарихи ҳам эрта темир давридан бошланиши мумкин. Ҳозиргача бу ҳудудда кенг қамровли археологик тадқиқотлар олиб борилмаган. Умид қиламизки, ушбу ёдгорлик топилгач, Жамбил вилоятининг Шу-Талас ҳудудидаги илк ўрта асрлар ва темир даврига хос объектларда комплекс илмий изланишлар олиб борилади. Шу боис, илк бронза ва темир даврига оид тадқиқот ишларига эътибор қаратиш лозим», - дейди тарихчи-археолог Сауран Қалиев.
Тарихчи қозондаги безакларнинг геометрик аниқлигига назар ташлаб, сак маданияти қабилалари математик ҳисоб-китобларни яхши билганлигини тахмин қилади. Идишнинг оғзига ва ташқи юзасига ясалган безак белгилари мўл-кўллик белгисидир.
Қозон Бесағаш қишлоғидаги мактаб музейига топширилди.
Муаллиф: Эльвира Жарилқасинова