Жаҳон кўчманчилар ўйинларига бир ҳафта қолди
ASTANA. Kazinform – Бир ҳафтадан сўнг бутун дунё эътибори Астанага қаратилди. 8-13 сентябрь кунлари V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари бўлиб ўтади. Унда спортнинг 21 тури бўйича 97 та медаллар жамланмаси баҳоланади.
Спортчилар сони
Жаҳон мусобақасига 89 давлатдан 2800 га яқин иштирокчи келиши кутилмоқда. Улар орасида халқаро турнирларнинг совриндорлари кўп.
Маълумки, Жаҳон кўчманчилар ўйинлари илк бор 2016 йилда Қирғизистонда ташкил этилган эди. Бу йилги мусобақада Қирғизистондан 282 кишидан иборат делегация иштирок этади. Улардан 180 нафари спортчи, 40 нафари эса мураббийлардир. Яна 15 нафари федерациялар вакиллари.
Туркия Жаҳон кўчманчи ўйинларида спортнинг 9 тури бўйича иштирок этиш ниятида. Бу мамлакатдан 120 нафарга яқин спортчи беллашади.
Эслатиб ўтамиз, охирги марта Жаҳон кўчманчи ўйинлари икки йил аввал Туркиянинг Изник шаҳрида ўтказилган эди. Уни юқори савияда ташкил этган турклар Астанада қизғин кураш бўлишига ишончлари комил.
Ўзбекистон номидан 120 дан ортиқ спортчи иштирок этади. Улар спортнинг 14 тури бўйича беллашадилар. “Тенге Илу” ва “Аудариспақ”да илк бор ўзбеклар иштирок этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бу йилги кўчманчилар ўйинларида илк бор Бруней Даруссалам, Либерия, Венесуэла, Ирландия, Доминикан Республикаси, Гамбия, Бруней, Эфиопия, Перу каби давлатлардан спортчилар иштирок этишади.
Қусбегилик илк бор дастурга кирмоқда
V Жаҳон кўчманчилар ўйинларида 21 та спорт мусобақаси ўтказилади. От пойгаси, миллий кураш, анъанавий интеллектуал ўйинлар, жанг санъати мусобақалари, анъанавий камондан отиш, қуш билан ов қилишнинг миллий турлари, от спорти мусобақалари, халқ ўйинлари шулар жумласидандир.
Айниқса,
* Асиқ ату
* Ордо
* Арқон тортиш
* От пойгаси
* Кўкпар
* Аудариспақ
* Тенге илу
* Қозоқ кураши
* Ашыртмали аба гүреши
* Кореш (белбоғли татар кураши)
* Кўкборуу
* Алиш
* Мас-рестлинг
* Powerful nomad
* Тоғизқумалак (тўғизқорғул)
* Мангала
* Овари
* Жамби отиш
* Анъанавий камондан отиш
* Қусбегилик
* Кураш (ўзбек кураши)
Қайд этиш керакки, қушбегилик аввалги тўртта ўйин дастурига киритилмаган эди. Яъни, ушбу спорт тури тарихидаги илк совриндорлар аниқланади.
Мусобақалар қайси иншоотларда бўлиб ўтади
Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинлари инфратузилмаси 6 та объектини ўз ичига олди: “Астана-Арена” стадиони, “Қазанат” ипподроми, Ж.Ушкемпиров саройи, “Алау” муз майдони саройи, «Qazaqstan» енгил атлетика спорт мажмуаси, “Думан” мажмуаси.
Кўчманчилар ўйинини ўтказишга қанча маблағ сарф қилинади
Ўйинларнинг операцион бюджети 5,7 миллиард тенгени ташкил қилади. Ушбу миқдорга молиявий шериклар ва ҳомийларнинг маблағлари қўшилади. Умуман олганда, операцион бюджет тахминан 8 миллиард тенгени ташкил қилади.
Шу билан бирга, V Бутунжаҳон кўчманчилар ўйинларига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш дирекцияси «Alageum Electric» компаниялар гуруҳи билан икки томонлама меморандум имзолади.
Меморандум асосида «Alageum Electric» V Жаҳон кўчманчи ўйинларининг расмий бош ҳомийси сифатида эътироф этилди. Ўйинларнинг асосий ҳамкори эса Halyk Bank ҳисобланади.
Ҳамкорлар томонидан ажратилган маблағлар биринчи навбатда совринларни тўлашга йўналтирилади. Уларнинг умумий миқдори 253 миллион тенгени ташкил қилади. Ҳар бир спорт тури учун индивидуал ва жамоавий совринлар берилади. “Кўкпар” ва “Кўк бўри” мусобақаларида ғолиб чиққан жамоа 10 миллион тенге, иккинчи ўринни эгаллаган жамоа 6 миллион, учинчи ўринни эгаллаган жамоа 4 миллион тенге билан тақдирланади. Якка тартибдаги спорт турлари бўйича олтин медаль соҳибларига 500 000 тенге, иккинчи ўрин эгаларига 300 000 тенге ажратилади. Бронза медали соҳиби 200 минг тенге олади.
Шунингдек, ҳомийлар томонидан ажратилган маблағларга хориждан келаётган илмий дастур маърузачилари, маданий дастур иштирокчилари учун эсдалик совғалари ва авиачипталар харид қилинади.