Ўзбекистоннинг 5 та шаҳридан Туркияга ҳаво қатновлари очилади

ЎР Транспорт вазирлиги хабарига кўра, Қарши, Термиз, Нукус, Наманган, Андижон шаҳарларидан Истанбулга янги ҳаво йўналиши очилади.
15-16 июнь кунлари Истанбул шаҳрида Ўзбекистон ва Туркия ўртасида фуқаро авиацияси соҳасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида икки давлат авиация маъмуриятларининг йиғилиши бўлиб ўтди, унда икки томонлама ҳамкорликнинг бугунги ҳолати ва уни ривожлантириш истиқболлари муҳокама этилди.
Музокаралар чоғида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги авиақатновлар сонини ҳафтасига 58 тадан 72 тагача ошириш ва янги йўналишлар очиш бўйича келишувга эришилди.
Хусусан, 2023-2024 йилларда Тошкент ва Истанбул ўртасидаги ҳаво қатновларини ҳафтасига 38 тадан 50 тага кўпайтириш ҳамда Қарши, Термиз, Нукус, Наманган, Андижон шаҳарларидан Истанбулга янги рейс очиш, ва тегишли ҳужжат имзоланди.
Айни пайтда «Тошкент» халқаро аэропортидан ташқари Туркия ҳаво йўллари, «Ўзбекистон ҳаво йўллари» ва «Қанот Шарқ» авиакомпаниялари Самарқанд, Урганч, Бухоро ва Фарғонадан Истанбулга тўғридан-тўғри рейсларни амалга оширмоқда.