Ўзбекистонда номаълум махлуқ пайдо бўлгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда

Сайтнинг хабар беришича, Ўзбекистоннинг Андижон вилояти, Асака туманида номаълум маҳлуқ юздан ортиқ қўйларни бўғизлаб кетган. Тумандаги Намуна-Бўстон, Элаш Қипчоқ, Дўрмон ва бошқа маҳаллалардаги хонадонларда икки ойдан бери тинчлик йўқ. Ярим тунда номаълум ҳайвон қўйлар, ўрдаклар, қуёнларни бўғизлаб кетмоқда. Бир неча маротаба одамларга ҳам ташланган.
Ярим кечаси овга чиқаётган бу маҳлуқ халқ орасида яхшигина саросимага сабаб бўлган. Айримлар кечалари ташқарига чиқишга ҳам қўрқиб қолишган.
Ушбу маҳлуқ хонадонлардаги уй ҳайвонларини бўғизлаб, чиқиб кетмоқда. Бу бўри, чиябўри ёки қутурган ит эканлиги ҳам маълум эмас. Аҳоли орасида эса турли миш-мишлар оралашда давом этмоқда.
«Даладан қайтаётган тўрт нафар аёлга ҳам ҳужум қилган. Бақирганларини эшитиб яқин орадаги одамлар етиб келишган. Овози жуда ҳам ғалати. Жуда ҳам хунук нарса. Тумшуқлари узун. Ё бўри ёки ит эмас» – дейди «Намуна-Бўстон» МФЙ фаоли Тилаволди Болтабоев.
Бу маҳлуқ кирган хонадонларидаги қўйларни фақат бўғизлаб чиқиб кетган, холос. Фақат бир хонадондан бир дона қўй йўқолган.
«Тунги соат 3 ларда қўйларимизни еб кетган. Бу маҳлуқнинг нима эканлигини билмаймиз. 7 та қўйим бор эди. 6 тасини бўғизлаб кетган. Биттасини ўзи билан олиб чиқиб кетган. Эртаси куни эса қуёнларимизни ҳам бўғизлаб кетган», – дейди Дилбархон Ҳусанова.
Бундан ташқари одамларга далада ва баъзан кўриниб қолганда уйларида ҳам хужум қилган. Уни кўрганлар бўри ёки ит эмаслигини таъкидлашмоқда.
Бундай воқеа олдинлари бўлмаганлиги ва сўнгги икки ойда 20 дан ортиқ хонадондаги 100 га яқин қўйларни бўғизлаб кетилганлиги айтилди.