Ўзбекистонда коррупциявий жиноятлар учун жазо чоралари кучайтирилади
Сенат матбуот хизмати хабарига кўра, қонун ҳужжатларига киритилган ўзгартишлар коррупцияга оид жиноятлар учун жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлашга қаратилган.
Жиноят кодексига киритилган ўзгартишлар қаторида коррупцияга оид жиноятларга нисбатан даъво муддатини қўллаш мумкин эмаслиги, пора берганлик ва олганлик учун жавобгарликни кучайтириш кабилар бор. Бундан ташқари, коррупцияга қўл урган амалдорлар жазони юмшоқроқ жазо билан алмаштиришга, шунингдек, шартли равишда озодликка чиқишга умид қила олмайди.
Сенаторлар киритилаётган ўзгартишлар коррупцияга оид жиноятларни аниқ белгилаш ва ушбу турдаги жиноятларга қарши курашиш бўйича тизимли чора-тадбирларни ишлаб чиқиш, коррупцияга оид жиноятларнинг олдини олишга, коррупцияга оид жиноятларни содир этган шахсларга нисбатан адолатли жазо тайинлашга, шунингдек, фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ишончли ҳимоя қилишга хизмат қилаётганини таъкидладилар.
Аввалроқ 2022 йилда Ўзбекистонда 3000 дан ортиқ мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилгани хабар қилинганди. Ўз фаолиятини суиистеъмол қилиш натижасида давлат ва жамият манфаатларига 1,12 триллион сўм (99 миллион доллар) миқдорида зарар етказилган.
Фото: Ўзбекистон Олий Мажлиси Сенати матбуот хизмати
Муаллиф: Мадибек Джанибеков