Ўзбекистонда коронавирус авжига чиқмоқда: Вилоятларда ковид марказлари қурилмоқда
Республика пойтахтида ҳафтанинг бошида 2000 ўринли очилган ковид марказлари билан бир қаторда Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги спорт саройи ва Ўзбекистон жаҳон тиллари давлат университети ётоқхонаси негизида тиббий шифохоналар қўшимча равишда ташкил қилинган, улар жами 400 ўринли захирага эга.
Самарқандда, шаҳар спорт мажмуасида, ўтган йили пандемиянинг биринчи тўлқини пайтида қурилган ковид маркази ўз ишини давом эттирмоқда. Таъкидланишича, беморларни даволаш учун тиббиёт марказининг қуввати 1000 ўринга кўтарилган.
«Бунгача COVID-19 ташхиси қўйилган беморлар 340 ўринли иккита махсус касалхонада даволанган. Бироқ, беморлар сонининг кўпайиши сабабли биз марказ очишга мажбур бўлдик. Бу ерда вилоятнинг шаҳар ва туманларидан келган беморларни даволаш учун зарур бўлган барча нарсалар мавжуд, 100 га яқин мутахассислар ишлайди», - деди Самарқанд соғлиқни сақлаш бошқармаси бошлиғи Аҳмаджон Бободжонов.
Наманган шаҳридаги «Баркамол авлод» спорт мажмуаси негизида 400 ўринли қўшимча шифохона очилди.
«Беморлар сонининг кўпайиши сабабли марказни қайта очиш керак эди, у ерда ҳозирда 100 га яқин тиббиёт ходими ишлайди, жиҳозлар ва дори воситалари билан таъминланган. Ҳеч қандай ҳолатда электр энергияси, ичимлик суви ва кислородда узилишлар бўлмаслиги керак. Барча электр генераторлари доимо тайёр бўлиши керак, кислород захиралари олдиндан етказиб берилиши керак», - дея кўрсатмалар берди Наманган вилояти раҳбари Шавкатжон Абдуразаков марказга ташрифи давомида.
Эслатиб ўтамиз, ушбу ҳафтанинг бошларида, Ўзбекистон пойтахтида эпидемиологик вазиятнинг кескинлашиши сабабли, «Ўзэкспомарказ» кўргазма маркази ва «Универсал» ва «Ёшлик» спорт мажмуалари базасида, 2000 ўринли ковид марказлари очилганди.
Муаллиф: Мадибек Жанибеков