Ўзбекистонда гилос экспорти ҳажми ортмоқда

None
Фото: ЎзА
TASHKENT. Kazinform - Кейинги вақтларда Ўзбекистонда гилос плантациялари кенгайиб бормоқда. Хусусан, бу йил Ўзбекистон ҳудудидаги 337,3 минг гектардан ортиқ майдон боғларида гилос етиштирилмоқда. Сабаби, мамлакат қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспортида гилос бешинчи ўринда туради, деб хабар беради Kazinform UzAга таяниб.

Статистика агентлигининг дастлабки маълумотларига кўра, Ўзбекистон 2023 йилнинг январь-май ойларида 15 та давлатга қиймати 38,9 миллион AҚШ долларига тенг бўлган 32,8 минг тонна гилос экспорт қилган. Қайд этилишича, гилос экспорти ўтган йилнинг мос даври билан солиштирилганда 14,4 минг тоннага ошган.

Шунга кўра, 2023 йилнинг 5 ойида Ўзбекистон энг кўп гилос экспортини Россияга – 19,8 минг тонна, Қозоғистонга – 6,4 минг тонна, Қирғиз Республикасига – 6,1 минг тонна, Беларусга – 333 тонна, БААга – 36 тонна, Хитойга – 29 тонна, Малайзияга – 17 тонна ҳамда Саудия Арабистонига – 10,5 тонна миқдорида амалга оширган.

Қайд этилишича, Хитой бозори гилос экспорт қилиш учун энг яхши имкониятга эга экан. Мазкур бозор ўртача импорт ҳажми 1,4 миллиард АҚШ долларига тенг бўлган дунёдаги энг катта бозор экан.

Гилос экиш ва етиштиришда ресурс тежовчи инновацион технологиялардан фойдаланиш унинг ҳосилдорлигини ошириш имконини беради. Ушбу технологиялар туфайли 8-10 тонна етиштирилиши керак бўлган ҳосил 12-13 тоннага этади.

Фермерларимиз бу борада рақобатбардош маҳсулот етиштиришнинг турли усулларини фаол жорий этмоқда. Жумладан, гилоснинг эртапишар, экспортбоп, ҳосилдорлиги юқори, ҳудудларнинг иқлим шароитига мос навларини экиш, қишлоқ хўжалиги ишларида юқори малакали мутахассисларни жалб қилиш, агротехник тадбирларни тўғри амалга ошириш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Республикамизнинг Фарғона вилоятида гилоснинг деярли барча навларини етиштириш яхши йўлга қўйилган. Шунингдек, Учкўприк, Ўзбекистон ва Олтиариқ тумани қир-адирликлари деҳқон хўжаликларига берилиши натижасида ушбу ҳудудларда ҳам йилдан-йилга гилос етиштириш яхши ривожланмоқда.

Эрта пишар гилос май ойида етилади. Гилоснинг тўқ қизил ва сариқ навлари бор. Шунингдек, машҳур гилос навлари – «Sweet Ryana», «Sweet Lorenz», «Skeena», «Early Lory», «Ревершон», «Валерий Чкалов», «Восход», «Ревна», «Наполеон» ҳамда «Стелла» деб номланади.

Гилоснинг фойдали хусусиятлари ҳам талайгина. Жумладан, мазкур мева мелатонин гормонининг табиий манбаи бўлиб, у танангизнинг ички ҳолатини бошқаришга ва соғлом уйқу режимига ёрдам беради. Кўз ўткирлигининг пасайиши, юрак қувватсизланганда тавсия этилади. Ҳар куни 25 та яхши пишган гилосни истеъмол қилиш натижасида уч кун ичида соғлом ва узоқроқ ухлашга эришилади.

Мутахассислар уйқуни янада яхшилаш учун ётишдан олдин гилос истеъмол қилишни тавсия қилишади. Қайнатмаси ёки компоти иситма туширувчи, шамоллашда қувват бағишловчи восита сифатида тавсия этилади.


Сўнгги хабарлар
telegram