Ўзбекистон саноатида бу йил 11 млрд долларлик лойиҳалар ишга туширилади - Мирзиёев

«Бу йил республикамизда биргина саноат соҳасида умумий қиймати 11 миллиард доллар бўлган лойиҳалар ишга туширилади. Ана шундай йирик лойиҳалар қаторида янги Тошкент металлургия заводини алоҳида қайд этиш зарур. Германия ва Италиянинг замонавий технологиялари ўрнатилган ушбу корхона экологик жиҳатдан энг тоза ва хавфсиз бўлиб, йилига 500 минг тонна металл прокати ишлаб чиқаради», - деди Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон президенти, шунингдек, пандемия шароитида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш учун имтиёзлар берилганини таъкидлади.
«Бу йил «Ҳар бир оила – тадбиркор» дастурини амалга ошириш учун 4 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади... Улкан қурилиш майдонига айланган мамлакатимизда кўплаб янги-янги корхона ва турар-жойлар, йўл ва кўприклар, инфратузилма объектлари, илм-фан, таълим, соғлиқни сақлаш, маданият ва спорт масканлари барпо этилмоқда. Ҳозирги вақтда биргина ижтимоий соҳанинг ўзида 2 минг 400 га яқин объектда қурилиш ишлари жадал олиб борилмоқда», - деди давлат раҳбари.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонда суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, жиноятга оид қонунчиликни либераллаштириш бўйича амалга оширилаётган ишларга тўхталиб ўтди.
«Мустақиллик байрами арафасида яна бир Фармонга имзо чекдим. Унга кўра, қилмишига чин дилдан пушаймон бўлиб, қатъий тузалиш йўлига ўтган 73 нафар шахс жазони ўташ муассасаларидан озод қилиниб, ўз оиласи бағрига қайтарилди. Шунингдек, 40 нафар фуқаронинг жазо муддатлари қисқартирилди», - дея таъкидлади Ўзбекистон президенти.