10:47, 10 Июнь 2020 | GMT +6
Ўзбекистон олимлари коронавирус таъсирини камайтиришга қодир дори яратишди
TASHKENT. UzA-Kazinform – Ўзбекистон олимлари SARS CoV-2 вируси таъсирини 78,3% камайтиришга қодир, гриппга қарши «Рутан» препаратини яратдилар, деб хабар беради Kazinform ЎзА агентлигига таяниб.
9 июн куни Ўзбекистон Республикаси Инновацион ривожланиш вазирлиги Хитой-ўзбек тиббий технопаркида ишлаб чиқарилган 20 минг дона «Рутан» препаратини мамлакат Соғлиқни сақлаш вазирлигига топширди.
Хитойлик олимлар томонидан олиб борилган тадқиқотлар натижасида, Ўзбекистон Республикаси Фанлар академиясининг Биоорганик кимё институти олимлари томонидан яратилган «Рутан» гриппга қарши дориси SARS CoV-2 вируси таъсирини 78,3% гача камайтириш хусусиятига эга эканлиги аниқланди. Тайёр дори сифатида ушбу препаратни ишлаб чиқариш Хитой-Ўзбекистон тиббий технопаркида GMP талабларига мувофиқ амалга оширилди.
Бугунги кунда технопаркда 8 турдаги дори воситалари ишлаб чиқарадиган фармацевтика заводи мавжуд.
Коронавирусга қарши курашда гуманитар ёрдам сифатида «Рутан» препаратининг 11 минг пакети Эронга юборилди.