Ўзбекистон БААнинг сунъий ёмғир технологиясини жорий этмоқчи
Ўзбекистон делегацияси аъзолари Бирлашган Араб Амирликларига ташрифи доирасида Жаҳон метеорология ташкилоти президенти, БАА Миллий метеорология маркази бош директори Абдулла Ал-Мандус билан учрашди.
«Бирлашган Араб Амирликларида ишлаб чиқилган илғор технологиялар ва булутли экиш каби янги методологиялар билан танишдим. Энди уларнинг тажрибасини Ўзбекистонда, айниқса, Оролбўйида жорий этиш масаласи муҳокама қилинди», – деб ёзади Бахтиёр Саидов.
ЎР Ташқи ишлар вазири БАА иқлим ўзгариши ва атроф-муҳит вазири Мариам Альмхейри билан ҳам учрашди.
«Биз сув танқислиги, сувни шўрсизлантириш, биохилма-хилликни муҳофаза қилиш, ўрмонзорларни барпо этиш борасидаги саъй-ҳаракатларимизни бирлаштиришга, шунингдек, БААнинг ушбу соҳалардаги илғор тажрибасини Ўзбекистонга жорий этишга алоҳида эътибор қаратдик», – деди Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири.
Булутли экиш – бу ёғингарчиликни кўпайтириш учун об-ҳавони ўзгартириш усули. Бутунжаҳон метеорология ташкилоти маълумотларига кўра, технология 56 мамлакатга қурғоқчилик ва экстремал об-ҳаво билан курашишда ёрдам беради.
1990 йилда БАА ёғингарчиликни кўпайтириш бўйича тадқиқот дастурини бошлади. Булутли экиш БААда жуда яхши ишлайди. Бундан ташқари, у тузсизлантиришдан тахминан 60% арзонроқ.