Юрак жарроҳлик амалиёти АҚШдан 80 баравар арзон – Қозоғистонга 7 минг бемор даволаниш учун келган

Кардиожарроҳлик, нейрохирургия, стоматология ва экстракорпорал уруғлантириш хизматлари хорижлик беморлар орасида талабга эга. Бу ҳақда “Астана ривожланиш маркази” МЧЖ тиббий туризмни ривожлантириш бўйича бошқарувчи директори Дарина Демян маълум қилди, дея хабар беради Кazinform агентлиги.

Дарина Демян
Фото: Астана коммуникациялар маркази

Kazakh Tourism маълумотларига кўра, 2021 йилда Қозоғистонга 5 мингдан ортиқ тиббий сайёҳ келган.

2022 йилда эса 7 мингга яқин одам келди.

“Хорижий сайёҳларнинг 90 фоизи Россия, Қирғизистон ва Ўзбекистон фуқаролари, қолган 10 фоизи Хитой, Эрон ва Беларусь фуқароларидир. Қозоғистон тиббиёт ташкилотларининг асосий афзалликлари - замонавий тиббий технологиялар ва янги технологиялар мавжудлиги, сифат стандартлари, тиббий хизматларнинг мақбул нархи, МДҲ мамлакатлари фуқаролари учун тил тўсиқларининг йўқлиги, ривожланган туристик инфратузилманинг мавжудлиги”, — деди Д. Демян Астана коммуникациялар хизматида.

Унинг сўзларига кўра, маҳаллий аҳоли ва хорижликлар орасида Қозоғистон тиббиёти ҳақида ҳали ҳам кам маълумот мавжуд, бу эса беморлар оқимини кўпайтиришга тўсқинлик қилмоқда.

“Агар биз қиёсий нархларни таҳлил қиладиган бўлсак, юрак жарроҳлик амалиёти АҚШдан 80, Сингапурдан эса 11 баравар арзонроқ. Ёнбош суяги амалиёти АҚШдан 19, Сингапур ва Таиланддан эса беш баравар арзон. Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотларига кўра, мамлакатда нархлари пастлиги боис 5 та йўналиш талабга эга: кардиожарроҳлик, нейрохирургия, бўғим протезлари, стоматология ва экстракорпорал уруғлантириш (ЭКО), – деди спикер.

Бугунги кунда Қозоғистонда тиббиётда “олтин стандарт” ҳисобланган JCI халқаро аккредитациясини олган 9 та клиника мавжуд бўлиб, улардан еттитаси Астанада жойлашган.

Ушбу клиникалар диагностикадан тортиб, юқори технологияли тиббий хизматлар ва мураккаб операцияларгача бўлган барча хизматларни таклиф этади.

“Қозоғистон Республикаси стоматологлар ассоциацияси маълумотларига кўра, Европа давлатларидан фуқаролар тез-тез юртимизга даволаниш учун келади. Чунки стоматология хизматлари нархи Европадан 10-15 баравар арзон ва сифати паст эмас. Пломба, имплантация, протезлаш ва болалар стоматологияси, айниқса, чет элликлар орасида талабга эга", - дейди Дарина Демян.

Яна бир истиқболли йўналиш - экстракорпораль уруғлантириш.

“Дунёда ушбу тиббий хизматга талаб ортиб бормоқда. 2022 йилда Қирғизистондан 900, Ўзбекистондан 254 ва Россиядан 92 киши пойтахт клиникаларига ЭКОдан ўтиш учун келган. Чунки бизда бу хизмат тахминан 2-2,5 минг АҚШ доллари, Европада 15 минг доллар, АҚШда 19 минг доллар туради”, - деди “Астана ривожланиш маркази” вакили.

Сўнгги хабарлар