Йил сарҳисоби: Қозоғистонда тиббиёт сифатини ошириш ва янги объектларни қуриш

Йил сарҳисоби: Қозоғистонда тиббиёт сифатини ошириш ва янги объектларни қуриш
Фото: primeminister.kz

Жорий йил Қозоғистон соғлиқни сақлаш тизими учун муҳим йил бўлди: “Қишлоқ соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш” миллий лойиҳасини амалга ошириш бошланди, Астана шаҳрида ноёб асбоб-ускуналар билан жиҳозланган Миллий онкология илмий маркази қурилиши якунланди, фуқаролар учун тиббий скрининглар кенгайтирилди ва бошқалар амалга оширилди. Primeminister.kz 2023 йилда ушбу соҳада амалга оширилган ишлар шарҳини тақдим этди, деб хабар беради Кazinform.

Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаев халққа Мурожаатномасида Ҳукуматга соғлиқни сақлаш ва умумий ижтимоий соҳани молиялаштириш усулларини қайта кўриб чиқиш бўйича топшириқ берди.

“Тиббиёт инфратузилмасини ҳар томонлама яхшилашга алоҳида эътибор қаратиш лозим. Давлат ва хусусий сектор ҳамкорлигидан унумли фойдаланган маъқул. Тиббиёт сармоя учун қулай соҳадир. Фақат унга муносиб шароит яратиш керак”, - деди ҚР Президенти.

Жорий йилда Қозоғистон соғлиқни сақлаш соҳасида эришилган ютуқлар:

Республика ҳудудларида 90 та янги соғлиқни сақлаш муассасаси қурилиб, улардан 59 таси “Қишлоқ соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш” миллий лойиҳаси доирасида ишга туширилди. Шу билан бирга, 80 та тиббиёт муассасаси таъмирланди, 4 та кўп тармоқли марказий туман касалхоналарида капитал таъмирлаш ишлари бошланди.

Йил сарҳисоби: Қозоғистонда тиббиёт сифатини ошириш ва янги объектларни қуриш
Ғарбий Қозоғистон вилоятининг Сариўмир қишлоғида оилавий амбулатория фойдаланишга топширилди. Уни қуриш учун республика бюджетидан 374 миллион тенге ажратилди

 

3 миллионга яқин киши касалхоналарда, бирламчи тиббий-санитария ёрдами тармоғи 90 миллиондан ортиқ кишини қабул қилди, 360 мингдан ортиқ чақалоқ туғилди (11 ойлик натижаларга кўра), шошилинч тиббий ёрдам хизмати томонидан 8 миллион чақириқ бўйича ёрдам кўрсатилди.

Ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 10 ойда аҳолининг умумий ўлим даражаси - 5,7%, қон айланиш тизими касалликларидан ўлим кўрсаткичи - 6,9%, саратон касаллигидан – 0,6%, нафас олиш органлари касалликларидан – 4,7%, силдан ўлим 22,1%га камайди. 11 ойда чақалоқлар ўлими - 9,6%, оналар ўлими 24,4%га камайди.

Жорий йилда соғлиқни сақлаш тизимини молиялаштириш 2,5 триллион тенгени ташкил этди. Амбулатория даражасидаги харажатлар ўсди ва умумий ҳажмнинг 56% ни ташкил этди. Шу билан бирга, тиббий реабилитацияни молиялаштириш 13 баравар ошди - 2019 йилдаги 6 миллиард тенгедан 2023 йилда 78,1 миллиард тенгегача. Умуман олганда, Қозоғистон 2027 йилгача тиббий харажатлар улушини ялпи ички маҳсулотнинг 5 фоизигача ошириш мақсадига эришиш йўлида ишонч билан қадам ташламоқда.

Амбулатор дори воситалари билан таъминлаш ҳажми 2019 йилга нисбатан 2 баробардан ортиқ ўсди ва 237 миллиард тенгени, шу жумладан орфан касалликларини даволаш учун 51,8 миллиард тенгени ташкил этди. Жами 3,9 миллион бемор дори воситалари билан таъминланди.

Республиканинг 20 та тиббиёт ташкилотида дори воситаларини тарқатишнинг тўлиқ цикли ишга туширилди, бу эса дори воситаларининг беморга етказилишини назорат қилиш (ёрлиқлаш, кодлаш) имконини беради.

Йил сарҳисоби: Қозоғистонда тиббиёт сифатини ошириш ва янги объектларни қуриш
Шимолий Қозоғистон вилояти. «Қишлоқ соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш» миллий лойиҳаси доирасида туман касалхоналарига 250 млн тенгега 14 та тез ёрдам машинаси харид қилинди.

 

Қозоғистон Республикаси тиббиёт муассасалари учун 58,8 миллиард тенгега 514 дона тиббий асбоб-ускуналар харид қилинди. Тиббиёт ташкилотларини тиббий асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш 2023 йилда 2022 йилга нисбатан 2,5 фоизга ошиб, 84,15 фоизга етди.

2023 йилда кўрсатилган консультатив-диагностика хизматлари сони 2,5 баробарга ошиб, 324 миллиондан ошди. Жорий йилда 1,1 миллион киши қиммат диагностика хизматларини (КТ/МРТ) олди.

Фармацевтика ва тиббиёт саноатини ривожлантириш доирасида қуйидаги ишлар амалга оширилди:

- Алмати вилоятида Жанубий Кореянинг SGP компанияси билан ҳамкорликда шприц ишлаб чиқариш лойиҳаси амалга оширилди;

- Алмати шаҳрида Жанубий Кореянинг Samsung Madison компаниясининг юқори ва эксперт тоифали ультратовушли стационар диагностика тизимларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди;

- Манғистау вилоятида эшитиш аппаратлари ишлаб чиқариш йўлга қўйилди;

- Шимолий Қозоғистон вилоятида нурлантирувчи ва бактерицид ҳаво рециркуляторларини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди;

- Чимкентда фильтрли ярим ниқоблар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди;

- Қарағандада KN95 тиббий респиратор ниқобларини ишлаб чиқариш линияси тўлиқ тайёрланди;

– Жамбил вилоятида қуввати йилига 270 миллион донагача бўлган бир марталик стерил шприцлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.

Йил сарҳисоби: Қозоғистонда тиббиёт сифатини ошириш ва янги объектларни қуриш
2023 йилда Астанада янги Миллий илмий онкология маркази қурилиши якунланди. Айни пайтда тиббий асбоб-ускуналар етказиб бериш, ишга тушириш ва асбоб- ускуналарни синовдан ўтказиш ишлари олиб борилмоқда.

 

Жорий йилда 48 амбулатория ва клиника муассасаларида илғор тажриба марказлари очилиб, 160 дан ортиқ мутахассис малака оширди.

Қозоғистон Республикасида 8 турдаги касалликларни (артериал гипертензия, юрак ишемик касаллиги, қандли диабет, глаукома, кўкрак саратони, бачадон бўйни саратони, йўғон ичак саратони, вирусли гепатит) эрта аниқлаш бўйича скрининг дастури амалга оширилмоқда. 2023 йилда скрининг қамрови 2022 йилга нисбатан 19,7 фоизга ошди ва 8,5 миллион кишига етди.

Қишлоқ аҳолиси учун буйрак, ошқозон-ичак йўллари, нафас олиш аъзолари ва простата саратонини эрта аниқлаш бўйича скрининг кўлами кенгайтирилди. 2,6 миллионга яқин қишлоқ аҳолиси умумий профилактик кўрикдан ўтказилди. Шунингдек, чекка қишлоқларнинг 50 минг нафардан ортиқ аҳолиси тиббий поездлар билан қамраб олинди, бу 2022 йилдаги қамровга нисбатан 58 фоизга кўпдир.

Жорий йилда 688 мингта масофавий тиббий хизмат кўрсатилди, бу 2022 йилга нисбатан 6,7 баробар кўпдир.

Давлат раҳбарининг топшириқларини амалга ошириш доирасида Қозоғистон Республикасида 2023-2027 йилларга мўлжалланган онкологик касалликларга қарши курашиш бўйича комплекс режа тасдиқланди.

Мамлакатда трансплантология, кардихирургия, онкология, инновацион клеткали технологиялар соҳаларида 80 та янги технология жорий этилиб, улар бўйича 20 мингга яқин киши даволанди.

Йил сарҳисоби: Қозоғистонда тиббиёт сифатини ошириш ва янги объектларни қуриш
Постсовет ҳудуддаги илк протон марказида ҳар йили 800 нафарга яқин бемор даволаниши мумкин.

 

Астанадаги Миллий нейрохирургия марказининг марказий асаб тизими касалликларини радиожарроҳлик йўли билан даволаш амалга оширилаётган «Гамма-нож» марказида 233 операция ўтказилди. 2021 йилда очилганидан бери жами 1037 та операция амалга оширилди.

Семейдаги Ядро тиббиёти марказида 776 та радионуклид терапияси курслари ўтказилди.

2023 йилда шифокорларга, жумладан, ўта камёб мутахассисликларга бўлган эҳтиёжни қондириш мақсадида республика бюджети маблағлари ҳисобидан 6 мингга яқин таълим гранти ажратилди.

Маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан 16 минг 500 нафар мутахассис малака ошириш билан қамраб олинди.

2023 йилда Қозоғистон Республикаси тиббиёт олий ўқув муассасаларини 7 мингга яқин шифокор тамомлади. 23 мингдан ортиқ ўрта тиббиёт ходимлари тайёрланди.

Сўнгги хабарлар