Йил сарҳисоби: қайта ишлаш саноатидаги динамик лойиҳалар ва янги маҳсулотлар ишлаб чиқаришни ривожлантириш
Primeminister.kz сайти йил давомида маҳаллий саноатда эришилган натижалар шарҳини тақдим этди, деб хабар беради Кazinform.
Жорий йилда мамлакатда Давлат раҳбари Қасим-Жомарт Тоқаевнинг Қозоғистон халқига “Адолатли Қозоғистоннинг иқтисодий йўналиши” номли Мурожаатномасида эълон қилинган ва халқ ҳаётини яхшилашга қаратилган янги иқтисодий моделга ўтиш бошланди.
Шу мақсадда мамлакатнинг кучли саноат базасини шакллантиришга қаратилган таркибий иқтисодий ислоҳотлар йўлга қўйилди.
“Биз қайта ишлаш саноати жадал ривожланаётганини алоҳида таъкидлашимиз керак. Мамлакат тақдири учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган қатор лойиҳаларни амалга оширишимиз лозим. Иқтисодиётни диверсификация қилиш янада муҳим вазифага айланмоқда. Шу билан бирга, металлни чуқур қайта ишлаш, нефть-газ ва кўмир кимёси, оғир машинасозлик, уранни конверсиялаш ва бойитиш, автомобиль эҳтиёт қисмлари ва ўғит ишлаб чиқариш каби соҳаларга алоҳида эътибор қаратиш даркор. Яъни, юқори сифатли қайта ишланган маҳсулот ишлаб чиқарувчи кластер яратиш зарур”, — дейилади Президентнинг халққа мурожаатида.
Жорий йилда мамлакат ишлаб чиқариш саноатида умумий қиймати 488 миллиард тенге бўлган 126 та янги лойиҳа ишга туширилди. 8 минг 900 га яқин доимий иш ўрни очилди. Айтиш жоизки, шаҳарлар, моношаҳарлар ва қишлоқ аҳолиси бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари билан қамраб олинган.
Мамлакат иқтисодиёти учун энг асосий ва муҳим лойиҳалар орасида:
- Август ойида Дўнг тоғ-кон бойитиш комбинатининг йиғилган шламларни қайта ишловчи бойитиш заводи ишга туширилди. Заводнинг қуввати йилига 400 минг тонна хром концентратини ташкил этади, умумий инвестиция ҳажми - 96 миллиард тенге. Лойиҳа доирасида 400 га яқин иш ўрни яратилди. Лойиҳани амалга ошириш натижасида тўпланган 14,5 миллион тонна чиқиндилар қайта ишланади.
Хромтау, Ақтўбе вилояти. Дўнг тоғ-конни бойитиш комбинатининг йиғилган шламларни қайта ишлаш заводи
– Ноябрь ойида Қарағанди вилоятида махсус кокс ишлаб чиқариш бўйича кенг кўламли лойиҳа техник жиҳатдан ишга туширилди. Йилига 400 минг тонна қувватга эга корхонада 184 та иш ўрни очилди. Заводда махсус коксдан ташқари йилига 72 минг тонна кўмир смоласи ва кўмир мойи ишлаб чиқариш режалаштирилган.
– Ноябрь ойида Қарағанди вилоятининг Саран саноат зонасидаги Silk Road Electronics заводида маиший техника ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
Маиший техника ишлаб чиқарувчи Silk Road Electronics заводи
Автоматлаштирилган корхонада Artel бренди остида сув иситгичлари, чангютгичлар, ошхона печлари, мини печлар, ошхона ҳавосини тозалаш мосламалари, ярим автоматик кир ювиш машиналари ва телевизорлар каби 7 хил маҳсулот ишлаб чиқарилмоқда. 2025 йилга бориб, завод тўлиқ қувватга киргач, йилига 1,1 миллион дона маҳсулот ишлаб чиқаради.
– Қарағанди вилоятида очилган яна бир муҳим лойиҳа – йилига 330 минг тонна оҳак ишлаб чиқариш қувватига эга завод. Импорт ўрнини босишга катта ҳисса қўшаётган корхона “Оддий нарсалар иқтисодиёти” давлат дастури доирасида қўллаб-қувватланди. Завод республиканинг оҳактошга бўлган эҳтиёжини тўлиқ қоплаши кутилмоқда.
- Сентябрь ойида Жетису вилоятида керамик плиткалар ишлаб чиқариш қуввати йилига 1,2 миллион квадрат метрдан 3,5 миллион квадрат метрга оширилди. Бу эса ушбу маҳсулот импортининг 10 фоизини мамлакатга қоплаш имконини беради. 226 та иш ўрни очилди.
Жетису вилоятида керамик плиткалар ишлаб чиқариш
– Қостанайда жаҳон ишлаб чиқарувчилари билан саноат кооперацияси доирасида қатор лойиҳалар амалга оширилди. Хусусан, йилига 10 минг дона Jetour автомобилини серияли ишлаб чиқариш, шунингдек, йилига 15 минг дона Skoda автомобилини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди.
- Кичик тармоқ усулида ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришни ривожлантириш доирасида (шу жумладан пайвандлаш ва кузовни бўяш) қуввати йилига 25 минг дона бўлган 25 минг дона Kia Sportage ва Kia Cerato автомобилларини ишлаб чиқариш ташкил этилди. Йилига 30 минг дона ишлаб чиқариш қувватига эга Chevrolet Onix автомобилларини кичик тармоқ усулида ишлаб чиқариш лойиҳасини ишга тушириш бошланди.
Йилига 70 минг автомобиль йиғиш қувватига эга янги Kia заводининг макети
– Қостанай саноат зонасида йилига 70 минг автомобиль ишлаб чиқариш қувватига эга янги Kia заводи қурилиши бошланди. Шу билан бирга, кичик ва ўрта бизнес субъектлари иштирокида автомобиль бутловчи қисмлари ишлаб чиқариш бўйича маҳаллийлаштириш маркази қурилиши давом этмоқда.
- Алматидаги Ҳюндаи Hyundai Trans Almaty заводини модернизация қилиш якунланди: Golden Dragon шаҳар автобуслари, шунингдек, Hyundai юк автомобилларининг барча моделларини пайвандлаш ва бўяш бўйича технологик операциялар йўлга қўйилди.
– Шу билан бирга, Алматида ўриндиқлар, мультимедиа тизимлари ва пластик қисмлар ишлаб чиқарадиган Hyundai автолокализация парки қурилиши бошланди. Маҳаллийлаштиришни чуқурлаштириш доирасида инвестициялар ҳажми 12,4 миллиард тенгени ташкил этади. 400 дан ортиқ иш ўрни очиш режалаштирилган.
Бундан ташқари, ички бозорга йўналтирилган маҳсулот ишлаб чиқариш бўйича қатор кичик ва ўрта лойиҳалар йўлга қўйилди:
– Чимкент шаҳрида умумий сармояси 4,9 миллиард тенге бўлган ҳўл салфеткалар, суюқ ва қаттиқ совун ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилди. Заводнинг қуввати йилига 15 минг тоннага яқин маҳсулот ишлаб чиқаришга етади.
– Ғарбий Қозоғистон вилоятида умумий сармояси қарийб 1,3 миллиард тенге бўлган бигбег (юмшоқ контейнерлар) ишлаб чиқариш лойиҳаси ишга туширилди. Корхонанинг қуввати йилига 5 миллион маҳсулотни ташкил этади.
Жорий йилда Қозоғистонда илгари мамлакатда ишлаб чиқарилмаган янги маҳсулотлар ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Буларга нефть-кимё реагентлари, ўзгарувчан частотали драйверлар, қуёш батареяси патронлари, юқори барқарор энергия тежовчи кварц генераторлари, электрон ҳарорат ўтказгичлари ва мембраналарни ажратувчи тизимлар, шунингдек, юқори вольтли вакуумли автоматик ўчиргичлар ва кўп функцияли ҳисоблагичлар киради.
“Қармет” заводининг Қозоғистон тасарруфига қайтарилгани бу йилги муҳим ютуқлардан биридир. Қозоғистон Ҳукумати ваArcelorMittal ўртасидаги келишувни мамлакат учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган мега битим деб аташ мумкин. Мулкчиликнинг ўзгариши билан корхонанинг биринчи босқичида қарийб 1,3 миллиард долларлик хусусий инвестиция киритилади. Бу маблағлар ускуналарни модернизация қилиш, замонавий ишлаб чиқариш технологияларини жорий этиш ва саноат хавфсизлиги стандартларини такомиллаштиришга йўналтирилади.
Мамлакат Ҳукумати шартномани бузган ер қаъридан фойдаланувчиларнинг шартномалари ва лицензияларини қайта кўриб чиқиш жараёнида. Жорий йилда 54 та шартнома бекор қилиниб, 96 та қаттиқ фойдали қазилмаларни қидириш учун берилган лицензиялар қайтарилди. Мажбуриятларни бузганлик учун 6,4 миллиард тенге жарима белгиланди.
Натижада олтин, кўмир, темир, мис, углеводород, боксит, полиметал ва бошқа конлар давлат фондига қайтарилди, кейинчалик улар янги инвесторларга бериш учун очиқ кимошди савдосига қўйилади. Бу ер ости бойликлари соҳасига қўшимча сармоя оқимини таъминлайди.
2023 йилда ўтказилган аукционлар якунларига кўра, мамлакат бюджетига 4,3 миллиард тенге миқдорида имзо қўйиш бонуси тўланган. Шу билан бирга, углеводород хомашёсини геология-қидирув ишларига жалб қилинган янги инвестициялар ҳажми қарийб 23 миллиард тенгени ташкил этади.
Қозоғистоннинг янги саноат сиёсати юқори маҳсулдор, экспортга йўналтирилган иқтисодиётни яратиш ва хомашёдан қайта ишлаш саноатига ўтишга қаратилган. Шу мақсадда жорий йилда давлат томонидан рағбатлантиришнинг молиявий ва номолиявий чораларини таъминлаш механизмларини ўз ичига олган 2023-2029 йилларда қайта ишлаш саноатини ривожлантириш концепцияси тасдиқланди.
Қизилўрда шаҳрида бетон буюмлар ишлаб чиқарувчи завод очилди. Бу ерда соатига 80 куб метр товар бетон, кунига 120 куб метр темир-бетон маҳсулотлари ишлаб чиқарилмоқда.
Ўтган ва жорий йилда ривожланиш институтлари томонидан ишлаб чиқариш саноати лойиҳаларини молиялаштириш учун 620 миллиард тенгедан ортиқ маблағ ажратилди. Хусусан, енгил саноатга 3 фоизли, маиший техника каби чуқур қайта ишланган маҳсулотлар ишлаб чиқарувчиларга 9 фоизли кредит берилмоқда. Кичик ва ўрта бизнес лойиҳалари учун 2 миллиарддан 7 миллиард тенгегача бўлган 8 фоизли кредит ажратилган.
Ишлаб чиқарувчиларни хомашё билан таъминлаш ишлари олиб борилди. Алюминий, мис ва қўрғошин учта муҳим метал сифатида аниқланди. Ҳозирги вақтда металларнинг ички истеъмолидаги улуши: алюминий - 17%, қўрғошин - 19%, мис - 1,5%. Энди уларнинг маҳаллий қайта ишловчилар учун нархлари бозор нархидан 5% гача паст. Хусусан, йил охиригача алюминийни қайта ишлашни икки баробарга – 31 минг тоннадан 51 минг тоннага, мисни 7 минг тоннадан 9 минг тоннага ошириш мумкин бўлади.
Қайта ишлаш корхоналарини мавжуд хомашё билан таъминлаш бўйича қонунчилик мажбуриятларини амалга оширишга қаратилган ўзгартишлар мажмуаси ишлаб чиқилди. Бу 2029 йилга бориб мамлакатда металларни, яъни алюминийни қайта ишлаш ҳажмини 5 баробарга, яъни алюминийни 166 минг тоннага, қўрғошинни 4 баробарга ошириб, 81 минг тоннага, мисни 13 баробарга ошириб, 91 минг тоннага етказиш имконини беради.
КЎБ субъектларини инфратузилмавий қўллаб-қувватлаш бўйича “Кичик саноат зоналари” дастурини ишга тушириш бошланди. Унда кичик ва ўрта бизнес субъектларини ишлаб чиқариш саноатига жалб этиш мақсадида янги ишлаб чиқариш қувватларини қуриш ва мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини реконструкция қилиш кўзда тутилган.