Йил охиригача Қозоғистонда қандай халқаро тадбирлар бўлиб ўтади
«Сентябр ойида (14-15 сентябр) Қозоғистонда 2003 йилдан буён пойтахтимизда ўтказиб келинаётган Жаҳон ва анъанавий динлар етакчиларининг VII қурултойини ўтказишга ҳозирлик кўрилмоқда. Қозоғистон бағрикенглик, ўзаро ҳамжиҳатлик ва маданий хилма-хиллик мафкурасини тарғиб қилиш нафрат ва камситишларга қарши курашнинг калити эканлигига ишонч билдиради. Бугунги кунда Қозоғистон 18 конфессия ва 100 дан ортиқ этник гуруҳлар вакили бўлган 3800 дан ортиқ диний бирлашмаларнинг тинч ва тотувликда яшаётгани учун хавфсиз ва қулай маскандир», — деди Мухтар Тлеуберди.
ТИВ раҳбари, шунингдек, Қозоғистон ташаббусининг 30 йиллигига бағишлаб октябр ойида Нур-Султан шаҳрида бўлиб ўтадиган Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгашнинг VI саммитига тайёргарлик кўрилаётганини маълум қилди.
Қозоғистоннинг Осиё кенгашидаги амалдаги раислиги доирасида Кенгашни халқаро ташкилотга айлантиришни бошлаш асосий устувор вазифа ҳисобланади.
«Қозоғистоннинг 2022-2024 йиллар учун БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгашига сайланиши давлатимизнинг миллий ва халқаро миқёсда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашга содиқлигини тасдиқлайди. Мамлакатимиз БМТнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги барча фундаментал ҳужжатлари ва конвенцияларига қўшилган. Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий қонунчиликни халқаро андозаларга мослаштириш борасида изчил ишлар амалга оширилмоқда», – деди Мухтар Тлеуберди.
Муаллиф: Серик Сабеков