Йил бошидан буён Ўзбекистон иқтисодиёти 6,4 фоизга ўсди
TASHKENT. Kazinform - Биринчи ярим йилликда Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти (ЯИМ) 6,4 фоизга ўсди. Бу ҳақда Шавкат Мирзиёев раислигида иқтисодий ривожланиш кўрсаткичлари бўйича ўтказилган йиғилишда маълум қилинди, дея хабар беради Kazinformнинг Тошкентдаги мухбири Алихан Асқар.

Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, Ўзбекистон ялпи ички маҳсулоти биринчи ярим йилликда 6,4 фоизга ошган. Ўтган йили ушбу даврда ўсиш тахминан 5,6% ни ташкил этди.
Шавкат Мирзиёев таъкидлаганидек, йил бошидан буён ЯИМ таркибида саноат 7,8 фоиз, қурилиш 10,1 фоиз, хизмат кўрсатиш 12,9 фоиз, қишлоқ хўжалиги 3,8 фоиз улуш билан иштирок этган.
Бюджет даромади эса 14 фоизга ошиб, 113 триллион сўмни (4,2 триллион тенге) ташкил этди. Иқтисодиёт ва молия вазирлиги маълумотларига кўра, ушбу даврда харажатлар 149,8 триллион сўм (5,6 триллион тенге), бюджет тақчиллиги 36,8 триллион сўм (1,3 триллион тенге)га етган.
Биринчи ярим йилликда республика бўйича жами капитал оқими 229 триллион сўмни (8,5 триллион тенге) ташкил этди. Унинг 15,5 миллиард доллари хорижий инвестициялардир.
Президент таъкидлаганидек, йил бошидан буён умумий қиймати 3,5 миллиард долларлик 3 мингта лойиҳа ишга туширилиб, 76 минг доимий иш ўрни яратилди.
Шунингдек, январь-июнь ойлари давомида республика бўйича 18,6 мингта янги хонадон қурилиб, фойдаланишга топширилди. Ўтган олти ойда 26 минг оила қарийб 7 триллион сўм (262 миллиард тенге) га ипотека кредити олди. Дастлабки тўлов ва фоиз ставкасини қоплаш учун 545 миллиард сўм (20,4 миллиард тенге) субсидия тўланди.
Бундан ташқари, мазкур йиғилишда Ўзбекистон Президенти томонидан иқтисодиёт ривожига бефарқ қараган 10 нафар ҳоким ишдан бўшатилди.