Ливан Исроилнинг Ҳизбуллоҳга қарши ҳаво ҳужумларида 274 киши ҳалок бўлганини маълум қилди

BEIRUT. Kazinform – Исроилнинг 23 сентябрь куни “Ҳизбуллоҳ” нишонларига берган кенг кўламли зарбалари натижасида 300 га яқин одам, жумладан, аёллар ва болалар ҳалок бўлди, деб хабар берди Ливан расмийлари. Бир ҳафтадан камроқ вақт ичида 5 мингга яқин одам жароҳат олди, деб ёзади DW.

Ливан
Фото: Aziz Taher/REUTERS

Ливан соғлиқни сақлаш вазири Фирас Абиад 23 сентябрь, душанба куни Исроилнинг Ливандаги Ҳизбуллоҳ нишонларига уюштирган йирик зарбаси натижасида 274 киши, жумладан, 39 аёл ва 21 бола ҳалок бўлди, деди Байрутдаги матбуот анжуманида. Ливаннинг давлатга қарашли NNA ахборот агентлиги ҳалок бўлганлар орасида фавқулодда хизматлар ходимлари ҳам борлигини хабар қилди. Яна 1000 киши жароҳатланган.

Абиаднинг айтишича, минглаб оилалар мамлакатнинг уруш бўлган ҳудудларидан хавфсизроқ ҳудудларга қочишга мажбур бўлган. Шу билан бирга, "бир ҳафтадан камроқ вақт ичида" Исроилнинг ўққа тутилиши натижасида 5 мингга яқин одам жароҳат олди, деди ливанлик вазир.

Биргина пейжерлар ва рацияларнинг оммавий портлаши оқибатида 3000 га яқин одам жабрланган. Ливан расмийлари ҳужумда Исроилни айбламоқда.

Айни пайтда Ливаннинг “Ҳизбуллоҳ” гуруҳи Исроилга ракета билан ҳужум қилишда давом этмоқда. Шу билан бирга, Исроил матбуотига кўра, 2023 йил 7 октябрда ҳарбий ҳаракатлар бошланганидан бери биринчи марта узоқ масофали ракеталар қўлланилмоқда. Исроил томонидан қурбонлар ва жароҳатланганлар ҳақида маълумотлар йўқ. Исроил бош вазири Биньямин Нетаньяху ва мудофаа вазири Йоав Галант мамлакат аҳолисини хотиржамликка ва тартибни сақлашга чақирди.

Эслатиб ўтамиз, Бугун Исроил Ливан жануби ва шарқида кўплаб ҳаво ҳужумларини амалга оширди.

Сўнгги хабарлар