Япония бош вазири жамоатчилик ташвишларини тинчлантириш учун Фукусима денгиз маҳсулотларини ўзи татиб кўрди
Япония ҳукуматининг ядро сиёсатига масъул бўлган Иқтисодиёт, савдо ва саноат вазири Ясутоси Нисимуранинг таъкидлашича, кечки овқат Фукусима қирғоғида тутилган камбала ва саккизоёқдан тайёрланган сашими билан берилган.
«Биз АЭС яқинидаги денгизда овланган денгиз маҳсулотлари хавфсизлиги ҳақида ҳам мамлакат ичида, ҳам хорижда хабардор қилишимиз керак», – деди Я.Нисимура Бош вазирликдаги учрашувдан сўнг журналистларга.
Ўтган пайшанба куни Япония маҳаллий балиқ овлаш компаниялари ва қўшни давлатларнинг атроф-муҳитга таъсири ҳақидаги хавотирларига қарамай, вайрон бўлган Фукусима атом электр станциясидан тозаланган радиоактив сувни Тинч океанига оқизишни бошлади.
Япония ҳукумати тритийдан ташқари радионуклидларнинг аксарияти тозалаш жараёнида йўқ қилинишини таъкидлади.
Мутахассисларнинг таъкидлашича, тритийнинг инсон саломатлиги учун цезий ва стронций каби радиоактив моддаларга қараганда камроқ зарари бор, чунки у заиф нурланиш чиқаради ва танада тўпланмайди.
Халқаро атом энергияси агентлиги Япониянинг сув чиқариш усули глобал хавфсизлик стандартларига жавоб беришини ва одамлар ва атроф-муҳитга радиация таъсири минимал эканлигини айтди.
Океанга сув тўкишга кескин қарши бўлган Хитой дарҳол япон балиқ маҳсулотларидан воз кечди.